“Олимпия шаҳарчаси”да таэквондонинг жозибаси намойиш этилди
Бугун, 11 апрель куни пойтахтимиз Тошкентда таэквондо WТ бўйича ёшлар ўртасидаги XV Жаҳон чемпионати доирасида юздан зиёд давлатларнинг спорт мутасаддилари иштирокида Бутунжаҳон таэквондо ташкилоти (World Taekwondo)нинг Бош ассамблеяси йиғилиши бўлиб ўтади.
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да таэквондо бўйича ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ҳамда ушбу спорт тарғиботига бағишланган флешмоб ўтказилди.

Унда юртимиз таэквондочилари қаторида чет эллик спортчилар, хусусан, Жанубий кореялик маҳоратли таэквондочилар кўргазмали чиқишларни амалга оширди. Ушбу спорт турининг чиройли усуллари орқали унинг жозибаси кўрсатилди.
Томошабинларга унутилмас таассуротларни бағишлаган тадбир давомида спортчилар таэквондонинг чиройли спорт техникаси ва комбинацион машқларини ижро этиб, ўз маҳоратини намойиш этишди. Ёрқин чиқишлар мусобақа олдидан спортчиларга юқори кайфият бағишлади.

Флешмоб доирасида 2025 йилги спорт фаолиятида ютуқларга юришган ҳудудий бўлимлар тақдирланди. Ёш спортчиларга эсдалик совғалари топширилди.
Эслатиб ўтамиз, XV Жаҳон чемпионати мусобақалари 12-17 апрель кунлари пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” Яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган мажмуада ташкил этилади.
Т.Рўзиев, ЎзА