Оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган акция
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 3 мартдаги «Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони хотин-қизлар ва фарзандларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.
Айни кунларда “Адолат” СДП томонидан мазкур Фармоннинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш мақсадида республика миқёсида «Оилалар мустаҳкамлигини кафолатлайлик» акцияси ўтказилмоқда.
Акциядан кўзланган асосий мақсад — маҳаллалардаги низоли, нотинч ёки аёллар ва болалар хавфсизлиги таҳдид остида бўлган хонадонларни аниқлаш, зўравонликка мойил шахслар билан профилактик суҳбатлар ўтказиш ва шу орқали оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришдан иборат.

Акция доирасида жойларда қатор тарғибот-ташвиқот тадбирлари, учрашув ва мулоқотлар ташкил этилмоқда. Мазкур тадбирларда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оилаларда соғлом ҳамда барқарор муҳитни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги алоҳида урғуланмоқда.
Жумладан, Фармонда белгиланган устувор вазифалар — хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, оилаларда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлаш ҳамда тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан иштирокчиларга атрофлича маълумотлар берилмоқда.

Шу билан бирга, акция давомида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, профилактика ишларини кучайтириш ҳамда мутасадди ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, масъул идора ва ташкилотлар вакилларининг таклиф-мулоҳазалари, тавсиялари тингланмоқда.
Таъкидлаш лозимки, акция доирасидаги бундай кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари жамият барқарорлигини таъкинлаш, соғлом оилавий муҳитни шакллантириш, хотин-қизлар ҳамда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади.
22 апрелдан бошланган акция 22 майгача республикамизнинг барча ҳудудларидаги маҳалла ва ташкилотларда давом эттирилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА