Оилалар ҳаётидаги ўзгаришлар манзилли кўмакдан бошланади
Ижтимоий ҳимоя тизимининг асосий вазифаси — инсоннинг эҳтиёжларини ўз вақтида аниқлаш, муаммоларига ечим топиш ва муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароит яратишдир. Бу жараёнда ҳар бир оиланинг ҳолатини чуқур ўрганиш ва индивидуал ёндашув асосида ёрдам кўрсатиш муҳим аҳамиятга эга.
Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги Сарбозор маҳалласи ижтимоий ходими Маҳфуза Йўлдошева фаолияти давомида ана шу тамойилларга амал қилиб, аҳолининг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида иш олиб бормоқда.
Мазку маҳаллада яшовчи Нуртош Эргашеванинг олти нафар аъзодан иборат оиласи ҳам ижтимоий кўмакка муҳтож хонадонлардан бири эди. Оиланинг асосий даромади турмуш ўртоғининг мавсумий меҳнатидан келиб тушар, даромаднинг беқарорлиги ва рўзғор ташвишлари оилавий шароитга таъсир кўрсатарди.
Вазият ўрганилгач, оилага моддий ёрдам билан бир қаторда тиббий ва психологик кўмак ҳам зарурлиги аниқланди. Дастлаб, оила аъзолари тиббий кўрикдан ўтказилиб, Н. Эргашевага психологик ёрдам кўрсатилди. Фарзандларнинг таълим олиши ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, қизи Ситоранинг ўқиш шартнома тўлови қоплаб берилди, Бегойим мактабдан ташқари тўгаракларга жалб этилди, Афруза эса 10-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотига имтиёзли асосда жойлаштирилди.
Оиланинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш мақсадида Нуртош Эргашева доимий ишга жойлаштирилди. Хонадон даромадини ошириш бўйича ҳам чоралар белгиланиб, қуёш панелларини ўрнатиш имконияти кўриб чиқилмоқда.
Навбатдаги манзил 67 ёшли Камуна Жўраеванинг хонадони бўлди. Уч нафардан иборат оилада турмуш ўртоғи Сафар ака инсультни бошдан кечиргани боис ўзгалар парваришига муҳтож. Қизи Фотима эса ногиронлиги бўлган шахс. Оиланинг асосий даромади нафақалардан иборат бўлиб, кундалик парвариш ва саломатлик билан боғлиқ муаммолар комплекс ижтимоий ёрдамни талаб этарди.
Шу мақсадда оила аъзолари тиббий кўрикдан ўтказилиб, Камуна опага психологик ёрдам кўрсатилди. Фотима «Янги кун» хизматига жалб этилди, ИПТК текширувидан ўтказиш ва нафақасини қайта тиклаш масалалари ҳал қилинди. Шунингдек, оила ижтимоий реестрга киритилиб, моддий ёрдам тайинланди.
[gallery-31968]
Сафар ака эса саломатлиги ва парваришга бўлган эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, «Фаол ҳаётга қадам» дастури доирасида тиббий-ижтимоий реабилитация хизматига жалб қилинди.
Мазкур ишлар «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ижтимоий ходими ва туман тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида амалга оширилди.
Ушбу мисоллар ижтимоий ҳимоя тизимида ҳар бир оиланинг эҳтиёжларига мос ёндашув муҳимлигини кўрсатади. Муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, тегишли хизматларни мувофиқлаштириш ва манзилли ёрдам кўрсатиш орқали оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитини яхшилашга эришилмоқда.
Сирож АСЛОНОВ (сурат, видео), ЎзА