Йўловчилар ва тадбиркорлар мурожаатлари тингланди
Бухорода “Uzbekistan Airways” АЖ раҳбарияти ва масъул ходимлари иштирокида сайёр қабул ташкил этилди. Учрашувда давлат идоралари, Савдо-саноат палатаси, туризм ва ёшлар ишлари бўйича ҳудудий бошқармалар вакиллари, жисмоний ва юридик шахслар, авиачипталар сотуви агентлари, сайёҳлик компаниялари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашишди.
Мулоқотнинг асосий эътибори аҳоли ва тадбиркорларнинг мурожаатларини тинглаш, уларни қийнаётган масалаларга амалий ечим топиш, шунингдек, авиация хизматларини такомиллаштириш бўйича таклифларни ўрганишга қаратилди.
Бугунги кунда авиатранспорт хизматларининг қулайлиги ва сифати нафақат йўловчиларнинг сафардан мамнунлиги, балки ҳудуднинг туристик салоҳияти, тадбиркорлик фаоллиги ва иқтисодий алоқалар ривожида ҳам муҳим ўрин тутади. Шу боис соҳадаги муаммоларни бевосита хизматдан фойдаланувчилар иштирокида муҳокама қилиш, уларнинг фикр ва таклифларини эшитиш алоҳида аҳамият касб этади.
Сайёр қабул давомида авиачипталар савдоси билан шуғулланувчи агентлар ва сайёҳлик ташкилотлари вакиллари халқаро тажриба асосида такомиллаштиришни талаб этадиган масалалар юзасидан ўз қарашларини баён қилдилар. Йўловчи ва юк ташиш жараёнлари, хизмат кўрсатишда учраётган муаммолар ҳамда авиахизматлар самарадорлигини оширишга доир таклифлар муҳокама қилинди.
Эътиборли жиҳати, йўловчиларни ташвишга солаётган масалаларнинг аксарияти учрашувнинг ўзидаёқ ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш ва тегишли чоралар кўришни талаб қиладиган мурожаатлар эса авиакомпаниянинг масъул таркибий бўлинмаларига йўналтирилди.
[gallery-31970]
Бу каби қабулларнинг аҳамияти шундаки, улар фуқаро ёки тадбиркорнинг муаммосини эшитиш билан чекланмай, унинг ечимини излаш, масъулларни белгилаш ва хизмат кўрсатишдаги камчиликларни аниқлаш имконини беради. Энг муҳими, билдирилган таклифлар амалиётга татбиқ этилса, бундай мулоқотлар соҳадаги муаммоларнинг олдини олишга ҳам хизмат қилади.
Учрашувда “Uzbekistan Airways” АЖ гуруҳи таркибига кирувчи “Silk Avia” авиакомпанияси негизида ички авиақатновлар бозорини ривожлантириш масалалари юзасидан ҳам батафсил маълумот берилди.
Мамлакатимиз ҳудудлари ўртасида ҳаво қатновларини кўпайтириш, аҳоли учун сафарларни янада қулай ва самарали ташкил этиш, шунингдек, ички туризм имкониятларини кенгайтириш бугунги авиация соҳасининг муҳим йўналишларидан ҳисобланади. Айниқса, тарихий обидалари, бой маданий мероси ва сайёҳлик салоҳияти билан ажралиб турадиган Бухоро каби ҳудудлар учун қулай авиақатновлар туристлар оқимини ошириш, тадбиркорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, ички авиақатновларни ривожлантириш фақат транспорт хизмати доирасидан ташқарига чиқиб, туризм, савдо-сотиқ ва хизматлар соҳасининг ўсишига ҳам таъсир кўрсатади. Қатновлар қулайлиги, чипталарни харид қилиш имкониятлари ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати эса бу жараённинг муҳим таркибий қисмларидир.
Президентимиз томонидан давлат идоралари ва ташкилотлар фаолиятида халқ билан очиқ мулоқотни кучайтириш, фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, одамларни қийнаётган муаммоларга жойида ечим топиш ва аҳоли манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сайёр қабуллар ҳам ана шу ёндашувнинг амалий ифодаларидан бири бўлиб, раҳбарлар ва хизмат истеъмолчилари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатишга хизмат қилади.
Бундай учрашувларнинг самараси, аввало, мурожаатларнинг қанчаси тинглангани билан эмас, балки улар бўйича қандай амалий чоралар кўрилгани, муаммолар қай даражада бартараф этилгани ва билдирилган таклифлар хизматлар сифатида қандай акс этгани билан белгиланади. Шу маънода, Бухорода ўтказилган сайёр қабул авиация соҳасидаги мавжуд масалаларни жойида муҳокама қилиш ва уларнинг ечимига қаратилган таклифларни ўрганиш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
“Uzbekistan Airways” АЖ вакиллари бундай учрашувларни республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам давом эттириш, йўловчиларнинг муаммоларига ечим топиш, уларнинг фикр ва таклифларини ўрганиш ҳамда хизматлар сифатини яхшилаш бўйича ишларни изчил олиб боришини билдирдилар.
Зеро, замонавий ва самарали авиация хизмати, энг аввало, йўловчи манфаатларини устувор қўйиш, мурожаатларга бефарқ бўлмаслик ва билдирилган таклифларни аниқ натижаларга айлантиришдан бошланади. Очиқ мулоқот ана шу мақсадларга эришишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари