Оҳангаронда Олимпия маркази барпо этилади
Спорт вазирлигида Оҳангарон туманида барпо этилаётган спорт турлари бўйича миллий терма жамоалар учун мўлжалланган Олимпия тайёрлаш марказининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимот давомида сўнгги тўрт йил давомида Давлат дастурлари ижроси доирасида мамлакатимизда спорт инфратузилмаларини яратиш ва яхшилашга оид амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.
Лойиҳаларнинг бугунги кундаги ҳолати ва самарали фойдаланишни ташкил этиш ишлари таҳлил қилиниб, мазкур масалалар юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар юклатилди.

Муҳокамалар жараёнида спорт вазири А.Икромов Тошкент вилояти Оҳангарон туманида барпо этилаётган спорт турлари бўйича миллий терма жамоалар учун халқаро стандартларга жавоб берадиган Олимпия тайёрлаш марказининг лойиҳа концепцияси билан танишди.
Барпо этилаётган комплекс қурилишида замонавий экологик материаллар, енгил конструкциялардан фойдаланиш ҳамда яшил иқтисодиёт тамойилларига эътибор қаратиш лозимлиги, шунингдек ўқув-машғулотлар ва спорт тадбирлари ўтказилишини инобатга олган ҳолда пара спортчилар учун ҳам зарур шароитлар яратиш лозимлиги таъкидланиб, мутахассисларга тавсиялар берилди.
Т.Рўзиев, ЎзА