Нукусда “Jingil Creative Fest” ёшлар фестивали ўтказилди
Нукусдаги Ашшикўл соҳилида жойлашган “Қорақалпоқ этно-овули” мажмуасида Оролбўйининг табиий ва маданий мероси, замонавий ижод, туризм ва креатив иқтисодиётни ўзида мужассам этган “Jingil Creative Fest” ёшлар фестивали бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Туризмни ривожлантириш бошқармаси, “DMO Karakalpakstan” жамоат бирлашмаси, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ва “Мўйноқ орзулар oroli” туристик компанияси томонидан ҳамкорликда ташкил этилган тадбир 300 нафардан ортиқ ижодкор ёшни, таълим соҳаси вакиллари, тадбиркорлар, ҳунармандларни бирлаштирди.
Фестивалнинг очилишида сўзга чиққанлар бугунги кунда туризм, иқтисодиёт ва экология соҳаларининг ўзаро узвий боғлиқлигига тўхталиб, мазкур соҳаларни ривожлантиришда ёшларнинг фаол иштироки, ташаббускорлиги ва инновацион ғоялари муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди. Шунингдек, мазкур фестивалнинг аҳамияти, табиий ва маданий меросни асраб-авайлаш, экологик маданиятни юксалтириш ҳамда ёшларнинг экологик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Тадбирнинг марказий рамзи – Оролбўйининг оғир иқлим шароитида табиатнинг ҳаётий кучи, барқарорлиги ва гўзаллигини ифодаловчи жинғил ўсимлиги бўлди. Унинг образи ижодий ташаббуслар учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилиш билан бирга минтақанинг табиий ва маданий меросига янгича назар ташлаш имконини берди.
[gallery-32034]
— Фестиваль доирасида ёшлар нафақат Қорақалпоғистон маданияти ва табиати билан танишиши, балки ўз қобилиятини ҳамда ғояларини тақдим этишлари ва ижодий фаолиятнинг турли йўналишларида ўзларини синаб кўришлари мумкин бўлган очиқ майдон вазифасини ўтади Унинг дастурида Оролбўйи минтақаси ўсимликлари бўйича интерактив саволларни ўзида жамлаган “Jingil Quest” интерактив квести, “Jingil open mic” мусиқий майдончаси, жингил ўсимлиги ва Оролбўйи гўзаллигини суратга олиш “Jingil photo & video challenge” танлови, “Creative Workshops” халқ амалий санъати ва қўл меҳнати кўргазмаси ўрин олган бўлиб, уларда ҳунармандлар маҳсулотлари, сувенирлар, дизайнерлик ишлари ва маҳаллий маҳсулотлар намойиш этилди. Ёшларнинг тадбиркорлик тафаккури ва ижодий салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган “Creative economy talk” тадбири доирасида иштирокчилар маданий меросни замонавий сайёҳлик маҳсулотлари ва тижорат ташаббусларига айлантириш имкониятларини муҳокама қилдилар, — дейди “DMO Karakalpakstan” жамоат бирлашмаси директори Мелс Қосназаров.
Фестиваль доирасида “Jingil Art Painting” ижодий тадбири ташкил этилди. Унда Ж.Изентаев номидаги Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ўқувчилари “Қорақалпоқ этно-овули” ҳудудида, Ашшикўл кўли соҳилида Қорақалпоғистоннинг бетакрор табиат манзараларини ўз ижодий ғоялари ва бадиий қарашлари орқали тасвирладилар. Мазкур ижодий жараён ёшларнинг бадиий салоҳиятини намоён этиш, табиатга бўлган меҳрни ошириш ҳамда Оролбўйининг табиий бойликларини санъат орқали тарғиб этишга хизмат қилди.
Тадбир якунида “Quest”, “Music Battle”, “Debet time” ва “Jingil Art Painting” каби бир нечта номинациялар бўйича ижодий ҳамда жамоавий танловлар ғолиблари тақдирланди. Мазкур фестиваль ёшларнинг туризмни ривожлантириш, маданий меросни асраб-авайлаш, уларнинг ижодий ташаббусларини илгари суришда иштирок этиши учун янги имкониятлар яратиш, шунингдек, табиат, маданият, таълим ва тадбиркорлик ўртасидаги алоқани мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари