Уч авлод – бир мактаб: тарих, эҳтиром ва маънавий мерос
Бухоро шаҳридаги 10-умумтаълим мактаби ташкил этилганининг 90 йиллиги муносабати билан “Уч авлод – бир мактаб” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда турли авлод вакиллари – фахрий устозлар, мактабнинг собиқ битирувчилари, бугунги педагоглар ҳамда ўқувчилар жам бўлди.
Таълим муассасасининг 90 йиллик тарихи, ўтган давр мобайнида эришилган ютуқлар, ёш авлодга таълим-тарбия бериш йўлида фидокорона меҳнат қилган устозларнинг хизматлари алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, турли йилларда мактабга раҳбарлик қилган, унинг ривожига муносиб ҳисса қўшган педагоглар фаолияти ёдга олинди. Уларнинг ибратли ҳаёт йўли, таълим соҳасидаги самарали меҳнати ва шогирдлар тарбиясидаги ўрни ҳақида илиқ фикрлар билдирилди.
Тадбир давомида намойиш этилган “Устозларга эҳтиром”, “Хотиралар сўзлайди” мавзуларидаги чиқишлар, тарихий лавҳалар ва видеороликлар иштирокчиларни мактабнинг ўтмиши билан яна бир бор ошно этди. Ўқувчилар томонидан ижро этилган шеърлар, куй-қўшиқлар байрамга кўтаринки руҳ бағишлади.
[gallery-32023]
Айниқса, фахрий устозлар ва уларнинг собиқ шогирдлари ўртасидаги самимий мулоқотлар, мактаб йиллари билан боғлиқ хотиралар барчада унутилмас таассурот қолдирди.
Зеро, йиллар ўтса-да, устоз меҳри, унинг ўгитлари ва берган билими шогирдлар қалбида умрбод сақланади. Авлодлар ўртасидаги ана шундай маънавий ришта эса таълим даргоҳининг энг бебаҳо бойлигидир.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА