Нукусда фотобиореакторли экологик бекат ишга тушди
Нукусда қайта тикланувчи энергетика, биотехнологиялар ва замонавий шаҳар инфратузилмасини бирлаштирган илк пилот намойиш объекти, яъни ҳавони тозалаш учун тирик сув ўтлари панеллари билан жиҳозланган замонавий шаҳар транспорт кутиш павильони — фотобиореакторли экологик бекат ишга тушди.
Мазкур лойиҳа “Юксалиш” ҳаракати ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими ҳудудида амалга оширилди. Объектни лойиҳалаш, ишлаб чиқиш, тайёрлаш ва ўрнатиш ишлари “Ёш олимлар Академияси” масъулияти чекланган жамияти мутахассислари томонидан маҳаллий олимлар ва муҳандислар иштирокида бажарилди.

Лойиҳанинг асосий элементи фотобиореактор бўлиб, унда Ўзбекистон олимлари томонидан ажратиб олинган ва маҳаллий иқлим шароитига мослаштирилган маҳаллий микросувўт штамми етиштирилади. Микросувўтлар қуёш нури, сув ва карбонат ангидрид (CО₂) ёрдамида фотосинтез жараёнини амалга ошириб, кислород ва биомасса ҳосил қилади.

Қуёш панеллари ишлаб чиқарадиган электр энергияси аккумуляторларда сақланади ва фотобиореактор, сув айланиш тизими, аэрация, ёритиш ҳамда мобил қурилмаларни қувватлантириш учун ишлатилади.
Лойиҳанинг асосий мақсади маҳаллий илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш, экологик технологияларни оммалаштириш ҳамда қайта тикланувчи энергия ва биотехнологияларни шаҳар инфратузилмасида қўллаш имкониятларини намойиш этишдир.
Мазкур объект келгусида микросувўтларни етиштириш технологияларини ривожлантириш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистонда “яшил” технологияларни кенг жорий этиш учун намойиш майдончаси сифатида хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири