Ҳосилнинг 70 фоизи фақат машиналарда териб олинди
Пахтачилик соҳасида ўзига хос мактаб яратиб, замонавий технологиялар қўлланилгани боис Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида юқори ҳосидорликка эришилиб, йиллик шартнома режаси бажарилди.
Тажрибали фермерларнинг кўп йиллик иш тажрибаси ўз натижасини тезда кўрсатди. Жорий йилда 151 та фермер хўжаликлари томонидан 4850 гектар майдонга чигит экилиб, 25 минг 150 тоннадан ошиқ пахта қабул қилиш пунктларига топширилди. Етиштирилган ҳосилнинг 70 фоизидан ошиғи терим машиналарида йиғиб олинди.

Пахта йиғим-теримига 20 та замонавий пахта териш машинаси жалб этилди. Терим жараёнларининг уюшқоқлик билан ташкил этилгани сабаб ҳосил қисқа муддатларда териб олинди. 1-, 3-, 6-, 10-, 13-терим отрядларига бириктирилган машиналарнинг ҳар бири билан мўлжалдагидан ортиқ пахта терилди.

"Либерал инвест", "Мезон", "Агро Гигант", "Уста Йўлдош", "Фар. Зулфиқор", "Гуллолапошшо Дилмуродовна", "Деҳқонбой ота" каби фермер хўжаликларида ҳосилдорлик 55-75 центнерни ташкил этди.
Туроб Ниёзов, ЎзА