Ноқонуний тиббиёт буюмлари айланмасига чек қўйилди
Бухоро вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими томонидан ИЖҚКД ходимлари билан ҳамкорликда олдиндан олинган тезкор маълумотлар асосида тезкор тадбир ташкил этилди. Унга кўра, Қоракўл тумани ҳудудида ҳаракатланаётган оқ рангли “Cobalt” русумли енгил автомашина кузатувга олинди.
Текширув натижасида автомашинанинг юкхона ва салон қисмларида тегишли ҳужжатларсиз жами 273 турдаги 6774 дона сифати кафолатланмаган стоматологик тиббиёт буюмлари борлиги аниқланди. Мазкур маҳсулотлар белгиланган тартибда ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди.


Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Бундай тезкор тадбирлар аҳоли саломатлигини хавф остига қўядиган сифати кафолатланмаган тиббиёт маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига қарши курашда муҳим ўрин тутади.
Зариф Комилов, ЎзА