Ноқонуний дори ва тамаки маҳсулотлари йўқ қилинди
Наманганда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан бюронинг Янги Наманган тумани бўлими иш юритувида бўлган ижро ҳужжатлари асосида мамлакатимиз ҳудудига ноқонуний равишда олиб кирилган ҳамда муомаласига чек қўйилган дори воситалари ва тамаки маҳсулотлари белгиланган тартибда йўқ қилинди.
Жумладан, вилоят божхона бошқармаси аниқлаган ҳолатлар юзасидан юртимизга айланма йўллар орқали олиб кирилган, муомалага чиқарилиши тақиқланган тўрт турдаги дори воситалари йўқ қилиш учун белгиланган тартибда қабул қилинди. Ушбу дори воситаларининг умумий қиймати 119,3 миллион сўмни ташкил этди.

Бундан ташқари, ижро ҳужжатларига асосан умумий қиймати 109,7 миллион сўм бўлган “Milano” ва “Oris” русумли 8 минг қути тамаки маҳсулотлари ҳам махсус тартиб асосида йўқ қилинди. Мазкур жараён ваколатли ташкилотлар ва масъул мутасаддилар иштирокида амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этилган ҳолда ташкил этилди.

Бу каби чора-тадбирлар аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, истеъмол бозорига сифатсиз ҳамда ноқонуний маҳсулотларнинг кириб келишининг олдини олиш, қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.
Мажбурий ижро бюросининг амалдаги ҳужжатлар талабларининг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини таъминлаш борасида тизимли ишлари изчил давом этмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.