“Нодира” тарихий драмаси – мумтоз адабиётимизга қардошларнинг эҳтиром намунаси
Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театри ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театри ўртасида тузилган ҳамкорлик меморандуми доирасидаги илк ижодий лойиҳа томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.
Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида Муқимий номидаги театримиз бош режиссёри Достон Ҳақбердиев томонидан саҳналаштирилган, устоз адиба Шаҳодат Исахонова қаламига мансуб “Нодира” тарихий драмасининг премьераси катта муваффақият билан ўтказилди.
Айтиш керакки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида кейинги йилларда мамлакатимизда маданият ва санъат равнақига илгари мисли кўрилмаган тарзда эътибор қаратилмоқда. Бу эса қардош халқлар ўртасида маданий-маърифий алоқаларнинг янада мустаҳкамланиши, ижодкорларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашиши, халқимизнинг янги саҳна асарларидан баҳраманд бўлишида муҳим омил бўлмоқда. Бу жиҳатлар ўзбек ва қирғиз ижодкорлари ўртасидаги ҳамкорлик ришталарининг тобора мустаҳкамланиб бораётганида яққол намоён бўлмоқда.

Мазкур ҳамкорлик самараси ўлароқ, ўзбек ва қирғиз ижодкор зиёлиларнинг ҳамжиҳатликдаги лойиҳалари апрель ойида тобора фаоллашди. Зеро, Бобур номидаги Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театрида устоз ёзувчимиз Шаҳодат Исахонова асари асосида саҳналаштирилган “Нодира” спектакли намойиш этилиши баробарида пойтахтимиздаги Ўзбек Миллий академик драма театрига Токтоболот Абдумомунов номидаги Қирғиз миллий академик драма театри ижодкорлари ҳамда Қирғизистон делегацияси ташрифи икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик ришталари тобора мустаҳкамланиб бораётганини тасдиқлайди. Қирғизистон халқ ёзувчиси Қайрат Иманалиев асари асосидаги “Охирги хат” драмаси намойиши ўзбек театр мухлислари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олингани халқимизнинг Чингиз Айтматовга бўлган меҳрининг ёрқин намунасидир.
Бобур номидаги Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театрида “Нодира” спектакли санъат ихлосмандлари томонидан алоҳида меҳр ва қизиқиш билан кутиб олинди.

Шаҳодат Исахонованинг «Бибихоним» (ёки «Турон маликалари» туркуми), «Гавҳаршодбегим», «Нодираи даврон», «Султон Жалолиддин ёхуд Чингизхон тузоғига тушган малика», «Турон маликаси» каби асарлари тарихдаги момоларимизнинг миллий давлатчилик, маданият ва санъат, ва умуман дунё цивилизациясида тутган беқиёс ўрни, уларнинг замон синовлари билан юзлашиши, мураккаб вазиятларда қандай йўл тутгани ҳақида ҳикоя қилиши билан қадрлидир.
Устоз ёзувчининг «Нодираи даврон» асари ўзбек адабиётида Моҳларойим – Нодира ҳаёти ва ижодига бағишланган муҳим асарлардан бири ҳисобланади. Асарда муаллиф Қўқон хонлиги даври муҳитини, Нодиранинг шоира, давлат арбоби ва аёл сифатидаги қиёфасини тарихий маълумотларга таянган ҳолда гавдалантирган. Асарда Нодира фақат лирик шоира эмас, балки юрт тинчлигини ўйлайдиган, маърифатпарвар ва матонатли аёл сифатида тасвирланади. Унинг Умархон билан муносабатлари, сарой ҳаёти ва фожиали қисмати китобхонда кучли таассурот қолдиради. Шаҳодат Исхонова асар тилида ўша давр руҳини бериш учун мумтоз иборалар ва Нодира ижодидан намуналарни маҳорат билан ишлатгани эътиборга моликдир.
Асар Нодиранинг нафақат шоиралик фаолияти, балки Қўқон хонлигидаги сиёсий роли, маърифат йўлидаги кураши ва мураккаб ҳаёт йўлини мусиқа ва бадиий воситалар орқали очиб беради. Маълумки, Нодирабегим Қўқон хони Амир Умархон (адабий тахаллуси Амирий) билан оила қурган. Бу никоҳ нафақат икки ёшнинг тақдири, балки икки йирик хонлик — Қўқон ва Андижон (ўша пайтда Нодиранинг отаси Раҳмонқулбий Андижон ҳокими эди) ўртасидаги сиёсий иттифоқни мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилган. Спектаклда бу оила муҳаббатга асосланишидан кўра, ўша даврдаги сиёсий ўйинлар, тахт учун кураш, шоира Нодирабегимнинг шамолларга учган покиза орзулари ҳақида ғоят таъсирчан ҳикоя қилиши билан диққатга сазовордир.
Мазкур спектакль Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театри ҳамда Бобур номидаги Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театри ўртасида тузилган ҳамкорлик меморандуми доирасидаги илк ижодий лойиҳадир.
Асар фақат шоиранинг шахсий ҳаёти эмас, балки хонликлар ўртасидаги мураккаб ижтимоий-сиёсий зиддиятлар, сарой муҳитидаги фитналар ва халқнинг оғир турмуши фонида яратилган. Драмада Нодирабегим нафақат нозиктаъб шоира, балки адолат ва миллат манфаати йўлида курашувчи, иродали малика ва сиёсий арбоб сифатида гавдалантирилган.
Спектакль режиссёр Достон Ҳақбердиев томонидан саҳналаштирилган, мусиқаларини эса композитор Маъмуржон Шокиров басталаган. Унинг сюжетида тарихий фактлар билан биргаликда қаҳрамонларнинг руҳий оламини очиб берувчи бадиий тасвирлар ва ўша давр муҳитини тиклашга хизмат қилувчи декорациялар муҳим ўрин тутади.
Ушбу спектакль Қирғизистонда ўзбек мумтоз адабиёти ва тарихий сиймоларига бўлган юксак эътиборнинг намунаси сифатида эътироф этилди.
– Ёзувчи Шаҳодат Исахонова маҳоратли ёзувчи сифатида тарих саҳнасини қоғозга, сўнгра театр саҳнасига кўчириб келмоқда, – деди фахрий устоз журналист, Республика “Нуроний” жамғармаси бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев. – Унинг қаҳрамонлари – бизнинг момоларимиз... Улар қўҳна дунёга Широқларни, Берунийларни, етти иқлим жиловини қўлда тутган Амир Темурларни, Мирзо Улуғбекларни, ҳазрат Амир Темурларни берган оналар! Улар ҳукмдор эрларига елкадош бўлган, салтанат жиловини улар бирга тутган, юртларини маънавият ва маърифат зиёси билан ёритган, масжиду мадрасалар қурдирган, хонақоҳ, йўллару работлар солган оқила, донишманд Тўмарислар, Туркон Хотунлар, Бибихонимлар, Гавҳаршодбегимлар, Нодирабегиму Увайсийлар, Қурбонжон додхоҳлардир. Уларнинг кўплари зулм ва адоват қурбонига айланган. Драмада уларнинг ҳаёти, фаолияти, кечинмалари, изтироблари, ўша мураккаб давр муҳити жуда таъсирчан тарзда очиб берилган.
“Нодира” спектаклининг премьераси жуда баланд руҳда бўлиб ўтди. Келгусида ушбу спектаклни хорижий давлатларда ҳам намойиш этиш кўзда тутилгани аҳамиятлидир.
Премьерада Ўш шаҳри ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Маъсудахон Айдарбекова, Ўзбекистон “Нуроний” жамғармаси бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев, Республикаси Маданият вазирлигининг Театр ва цирк санъатини ривожлантириш бошқармаси в.б. бошлиғи Фарҳод Элмуродов, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театри директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсаган артист Азим Муллахонов, Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти директори, таниқли шоир Ботиржон Эргашев, атоқли адиб Нурали Қобул, тарихчи олим Рустам Шамсиддинов, Ўзбекистон халқ артисти Турғун Бекназаров ва бошқа ижодкор зиёлилар иштирок этиб, ижодий жамоани муваффақиятли саҳна асари билан табриклади.
Спектаклда Нодира образини юксак маҳорат билан ижро этган актриса қирғизистонлик санъаткор Самидахон Холматовага Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири буйруғига мувофиқ “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, Қирғизистон Республикаси Ўш шаҳар ҳокимияти томонидан Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театри ижодкорлари — бош режиссёр Достон Ҳақбердиев ҳамда балет артисти Феруза Саримсоқовага маданий ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссалари учун ташаккурномалар топширилди.
Бу каби ижодий лойиҳалар халқларимиз ўртасидаги алоқалар мустаҳкам асосга эга эканини яна бир бор намойиш этади.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири