Никита Светков велоспортимизда тарихий натижа қайд этди
Туркияда велоспорт бўйича ўтказилаётган нуфузли “Presidential Cycling Tour of Türkiye” кўп кунлик мусобақасида Ўзбекистон велоспорти учун тарихий натижа қайд этилди.
Мусобақанинг 5-босқичида велопойгачилар 180,7 километр масофани босиб ўтди. Ушбу йўналиш жорий йилги беллашувларнинг энг узун ва мураккаб босқичларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Мазкур босқич якунига кўра, Италиянинг “Bardiani CSF 7 SABER” профессионал жамоаси таркибида фаолият олиб бораётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Никита Светков маррага учинчи бўлиб етиб келди ва бронза медалига сазовор бўлди.

Мазкур босқичда нидерландиялик Каспер ван Уден ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ўринни эса польшалик Марчин Будзиньски эгаллади.
Мазкур натижа мамлакатимиз велоспорти тарихида алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, UCI “ProSeries” тақвимига киритилган “2.Pro” тоифасидаги бундай нуфузли мусобақада Ўзбекистон вакилининг шоҳсупага кўтарилиши сўнгги йиллардаги энг муҳим ютуқлардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Қайд этиш жоизки, “Presidential Cycling Tour of Türkiye” халқаро велоспорт тақвимидаги энг нуфузли мусобақалардан бири ҳисобланади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА