Нетаньяҳу: Исроил исталган пайтда Эронга қарши жангга киришга тайёр
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳунинг маълум қилишича, Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш келишувига қарамасдан, зарур бўлса Исроил Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлашга тайёр. Бу ҳақда Euronews хабар қилди.
Нетаньяҳу ўз чиқишида шундай деди: “Бизнинг ҳали амалга оширишимиз керак бўлган режа ва мақсадларимиз бор. Биз уларга ё келишув орқали, ёки жангларни қайта бошлаш орқали эришамиз”.
Шунингдек, Нетаньяҳу мухолифат танқидларига ҳам жавоб берди. Айрим сиёсатчилар уни Исроил мақсадларига тўлиқ эришмасдан туриб, ўт очишни тўхтатишга рози бўлганликда айблаган эди.
Унинг айтишича, АҚШ ва Эрон ўртасидаги икки ҳафталик ўт очишни тўхтатиш келишуви Исроил билан тўлиқ келишилган ҳолда амалга оширилган ва бу кутилмаган қарор бўлмаган.
Исроил мухолифати етакчиси Яир Лапид эса бу келишувни “дипломатик фалокат” деб баҳолаб, мамлакат олдига қўйилган мақсадларга эриша олмагани учун Нетаньяҳуни айблаган.
Нетаньяҳу урушдаги асосий мақсад сифатида Эроннинг ядровий дастурини йўқ қилиш ёки жиддий заифлаштиришни кўрсатган. У буни Исроил учун “катта хавф” деб атаган.
Шунингдек, Эроннинг баллистик ракеталар салоҳиятини камайтириш, ҳокимиятни заифлаштириш ва унинг минтақадаги таъсирини чеклаш ҳам мақсад қилинган.
Нетаньяҳу ўз нутқида уруш давомидаги натижаларни ҳам санаб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Эрондаги ракета захиралари ва уларни ишлаб чиқариш корхоналари йўқ қилинган, Эроннинг ядровий дастурига жиддий зарар етказилган, қурол ишлаб чиқариш ва молиявий тармоқлар бузилган, саноат ва транспорт инфратузилмасига зарба берилган ва минглаб жангчилар йўқ қилинган.
У шунингдек, Исроил ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликни алоҳида таъкидлаб, буни Яқин Шарқ тарихидаги энг йирик операциялардан бири деб атаган.
<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/FZRSztW4EdQ?si=uALDbeRoNae2r2Fr" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Искандар Исматов, ЎзА