Нега Марказий Осиё шаҳарларида ҳаво ифлосланиши кучаймоқда?
Сўнгги ҳафталарда Тошкент, Бишкек, Душанбе ва Қозоғистоннинг бир қатор йирик шаҳарларида атмосфера ҳавоси сифатининг ёмонлашиши яна кун тартибига чиқди. Ҳавода майда чанг заррачаларининг кўпайиши, тутун ва туман аралаш ҳолатнинг юзага келиши, ифлослантирувчи моддаларнинг ерга яқин қатламда тўпланиши аҳоли саломатлиги ва шаҳарларнинг экологик барқарорлиги билан боғлиқ жиддий саволларни ўртага қўймоқда.
Эътиборли жиҳати, бу ҳолат фақат бир шаҳар ёки мамлакатга хос эмас. Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти таҳлилига кўра, жорий йил 26 октябрь куни мониторинг қамраб олган Марказий Осиёнинг саккизта йирик шаҳрининг олтитасида ҳаво сифати индекси 100 баллдан ошган. Хусусан, Бишкекда 160, Тошкентда 157, Чимкентда 149, Қарағанда ва Душанбе шаҳарларида 134 балл қайд этилган. Ўша куни Бишкек ҳавоси жаҳондаги энг ифлос шаҳарлар рўйхатида тўртинчи ўринда эканлиги кўрсатилган.
Бу рақамлар минтақадаги экологик вазиятни фақат маҳаллий чиқиндилар билан изоҳлаб бўлмаслигини кўрсатади. Хўш, ҳаво сифатининг ёмонлашишига қандай омиллар сабаб бўлмоқда?

Мутахассислар фикрича, куз-қиш мавсумида ҳаво таркибида зарарли моддалар кўпайишининг муҳим сабабларидан бири – ҳароратнинг тескари тақсимланишидир. Одатда, Ер юзасига яқин ҳаво исиб, юқорига кўтарилади ва атмосфера қатламлари ўртасида табиий алмашинув юз беради. Бундай шароитда ифлослантирувчи моддалар ҳам юқори қатламларга тарқалади.
Ҳароратнинг тескари тақсимланиши кузатилганда эса Ерга яқин совуқ ҳаво қатлами устидан илиқ ҳаво жойлашади. Натижада ҳаво айланиши чекланиб, транспорт, саноат ва иситиш тизимларидан чиқадиган зарарли моддалар шаҳар устида тўпланиб қолади.
Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов изоҳларига кўра, октябрь ойининг сўнгги ўн кунлигида антициклон шароити, шамол тезлигининг пасайиши ва ёғингарчиликнинг камлиги ифлослантирувчи моддалар тарқалишини қийинлаштирган.
Тошкентда 21 октябрь куни кунлик ўртача ҳаво сифати индекси 93 балл бўлган бўлса, 26 октябрга келиб 164 баллга етган. Бу беш кун ичида кўрсаткич қарийб 76 фоизга ошганини англатади. Демак, ҳаводаги зарарли моддалар миқдорига чиқинди манбалари билан бир қаторда метеорологик шароит ҳам бевосита таъсир кўрсатади.
Киото университети доценти Тимур Хўжаназаров таъкидлашича, Марказий Осиёда ҳароратнинг глобал ўртача кўрсаткичдан тезроқ кўтарилиши, қуруқ даврларнинг узайиши ва қум-чанг бўронларининг кўпайиши мавжуд экологик муаммоларни оғирлаштирмоқда. Шу боис, ҳаво ифлосланишини фақат саноат корхоналари ёки автомобиллар сони билан боғлаш бир томонлама ёндашув бўлади. Табиий ҳаво айланиши ва иқлим ўзгаришлари ҳам бу жараённинг муҳим қисми ҳисобланади.
Чанг заррачалари: табиат таъсири ва инсон омили
Минтақамиз географик жиҳатдан чўл ва ярим чўллар билан ўралган. Қорақум, Қизилқум, Оролқум ҳамда бошқа қурғоқчил ҳудудлардан кўтарилган чанг ҳаво оқимлари орқали шаҳарларга етиб келиши мумкин. Шунинг учун атмосферадаги майда заррачаларнинг барчасини шаҳар ичидаги фаолият билан изоҳлаш тўғри эмас. Чангнинг табиий келиб чиқиши инсон фаолиятининг таъсирини камайтирмайди. Аксинча, икки омил бир вақтда таъсир кўрсатганда вазият янада мураккаблашади.

Буни Тошкентда 2026 йил 12-16 октябрь кунлари Олмазор, Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларида олинган PM2.5 намуналарининг лаборатория таҳлили ҳам тасдиқлайди. Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти маълумотларига кўра, майда заррачалар таркибида табиий чанг улуши ўртача 39,7 фоизни, саноат, транспорт ва энергетикада ёқилғи ёқилиши билан боғлиқ чиқиндилар ҳиссаси эса 42,6 фоизни ташкил этган.
Бу кўрсаткичлар ҳаво сифатини яхшилаш учун шаҳар ичидаги ифлослантирувчи манбаларни чеклаш, чўлланиш ва чанг кўчишига қарши минтақавий чораларни кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
Иситиш тизимлари, транспорт ва саноат босими
Жаҳон банкининг Тошкент шаҳри ҳавоси сифатини баҳолашга бағишланган тадқиқотига кўра, пойтахтда инсон фаолияти натижасида юзага келадиган PM2.5 ифлосланишининг асосий манбалари иситиш тизимлари – 28 фоиз, транспорт – 16 фоиз ва саноат – 13 фоизни ташкил этади. Ёз мавсумида эса шамол кўтарган чанг ва чегаралараро манбаларнинг улуши 36 фоизга етади.
Айниқса, куз-қиш даврида кўмир ва бошқа қаттиқ ёқилғилардан фойдаланиш, эскирган иситиш ускуналари, иссиқхоналар ҳамда саноат объектларидаги ҳавони тозалаш қурилмаларининг самарадорлиги муҳим аҳамият касб этади. Автомобиллардан чиқадиган газлар эса йил давомида атмосфера таркибига салбий таъсир кўрсатади.
Бу муаммо минтақанинг бошқа шаҳарларида ҳам кузатилмоқда. Қирғиз Республикаси Табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазирлигининг 2026 йил 7 октябрдаги маълумотига кўра, Бишкекда йил бошидан буён атмосферага меъёрдан ортиқ зарарли моддалар чиқарган транспорт воситаларига нисбатан 150 та баённома расмийлаштирилган. Қоидабузарларга қарийб 2 миллион сом жарима солинган. Шунингдек, пойтахтда майда фракцияли кўмирдан фойдаланиш ва уни сотишнинг олдини олиш бўйича назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
Бишкек шаҳар ҳокимлиги маълумотларига кўра, пойтахтда 1447 та газда ишлайдиган ва 120 та электр автобуси хизмат кўрсатмоқда. Иссиқлик электр марказидаги ҳавони тозалаш ускуналарини таъмирлаш ва такомиллаштириш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Бу чоралар транспорт ва энергетика манбаларининг экологик таъсирини камайтиришга қаратилган.
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ҳам ҳаво сифатига транспорт, хусусий сектордаги кўмир ёқиш ва саноат чиқиндилари таъсир кўрсатади. “Қазгидромет” кузатувлари ҳамда маҳаллий экологик идоралар маълумотларида автомобиллардан чиқадиган зарарли газлар шаҳар ҳавосини ифлослантирувчи муҳим манбалардан бири сифатида қайд этилган. Шаҳарнинг тоғлар билан ўралган географик жойлашуви ва ҳароратнинг тескари тақсимланиши эса ифлослантирувчи моддалар тарқалишини қийинлаштиради.
PM2.5 – кўзга кўринмайдиган хавф

Ҳаво ифлосланиши ҳақидаги баҳсларда PM2.5 ва PM10 атамалари тез-тез учрайди. Улар ҳавода муаллақ ҳолда ҳаракатланадиган майда заррачаларнинг ўлчамини билдиради. PM10 диаметри 10 микрометргача, PM2.5 эса 2,5 микрометргача бўлган заррачаларни англатади. Айниқса, PM2.5 хавфли ҳисобланади. У нафас йўлларининг чуқур қисмларигача етиб бориши, юрак-қон томир ва нафас олиш тизими касалликлари хавфини ошириши мумкин. Болалар, кексалар ва сурункали касалликлари бор инсонлар бундай таъсирга нисбатан кўпроқ заиф бўлади.
Жаҳон банкининг Марказий Осиёда ҳаво сифатини бошқариш бўйича минтақавий ҳисоботида 2021 йилда ҳудудда 65 мингдан ортиқ муддатидан олдинги ўлим атроф-муҳит ҳавосидаги PM2.5 ифлосланиши билан боғлиқ экани қайд этилган. Бу муаммонинг нафақат экологик, балки жиддий ижтимоий-иқтисодий оқибатлари ҳам борлигини кўрсатади.
Душанбедаги вазият ҳам алоҳида эътиборга молик. Тожикистон Гидрометеорология агентлигининг 2 ноябрь куни эълон қилинган экологик шарҳига кўра, пойтахтда PM10 заррачаларининг ўртача кунлик концентрацияси меъёрнинг 0,88 дан 1,38 бараваригача ошган. Шу билан бирга, айрим бошқа ифлослантирувчи моддалар кўрсаткичларида ҳам ўсиш қайд этилган. Агентлик ўша куни республика шаҳарларида юқори ва фавқулодда юқори даражадаги ифлосланиш ҳолатлари кузатилмаганини маълум қилган.
Бу ўринда бир жиҳатни ҳисобга олиш лозим: турли мамлакатларда қўлланадиган миллий меъёрлар ва халқаро ҳаво сифати индекслари бир-биридан фарқ қилиши мумкин. Шу сабабли рақамларни қиёслашда ўлчов усули, вақт оралиғи ва меъёрий асос ҳам инобатга олиниши керак.
Муаммо чегара билмайди
Жаҳон банкининг Марказий Осиёда ҳаво сифатини бошқариш ҳисоботига кўра, минтақанинг йирик шаҳарларида PM2.5 концентрацияси, айниқса, қиш ойларида ЖССТ тавсия этган кўрсаткичлардан 6-12 баравар юқори бўлиши мумкин. Ташкилот таҳлилида маиший ва тижорат биноларини ёқилғи ёрдамида иситиш, автомобиль транспорти, саноат ҳамда чанг бўронлари асосий таъсир этувчи омиллар сифатида кўрсатилган.

Ҳисоботда ҳаво ифлосланишига қарши курашда ягона шаҳар ёки мамлакат доирасидаги чоралар етарли эмаслиги таъкидланади. Атмосфера оқимлари давлат чегараларига бўйсунмайди. Бир ҳудудда кўтарилган чанг ёки ҳавога чиқарилган ифлослантирувчи моддалар бошқа ўлкаларга ҳам етиб бориши мумкин. Шу боис, мониторинг маълумотларини ўзаро алмашиш, ягона ёндашув асосида чиқиндиларни ҳисобга олиш ва экологик сиёсатни мувофиқлаштириш муҳим.
Ўзбекистонда ҳаво сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво” лойиҳаси, автоматик кузатув станцияларини кўпайтириш, саноат объектларида ҳавони тозалаш тизимларини такомиллаштириш ва транспорт чиқиндиларини камайтириш чоралари шу йўналишдаги ишлар сирасига киради. Бу ташаббусларнинг самараси уларнинг изчил амалга оширилиши, назоратнинг шаффофлиги ва натижаларнинг очиқ эълон қилинишига боғлиқ.
Энг муҳими, ҳаво ифлосланишини мавсумий муаммо сифатида қабул қилиб, фақат тутун ва чанг кўпайган кунларда чора кўриш билан чекланиб бўлмайди. Иситиш тизимларини замонавийлаштириш, жамоат транспортини ривожлантириш, саноат чиқиндиларини қатъий назорат қилиш, қурилиш майдонларида чанг тарқалишининг олдини олиш, яшил ҳудудларни асраш ва кўпайтириш узоқ муддатли экологик сиёсатнинг устувор йўналишларига айланиши зарур.
Бинобарин, тоза ҳаво фақат табиат муҳофазаси масаласи эмас. У шаҳарларнинг барқарор ривожланиши, аҳоли саломатлиги ва келажак авлодлар ҳаёт сифати билан бевосита боғлиқ.
Мусулмон Зиё, ЎзА