Хориждаги гулистонликлар билан онлайн мулоқот ўтказилди
Хорижда таълим олаётган ва меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошлар билан мунтазам алоқани йўлга қўйиш, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш ҳамда таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган навбатдаги онлайн мулоқот ташкил этилди.
Гулистон тумани ҳокими Олимжон Жўраев ташаббуси билан ҳар ой анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур учрашув бу гал ҳам очиқ ва самимий мулоқот руҳида кечди.
Zoom платформаси орқали ташкил этилган учрашувда туман ҳокими, масъул ташкилотлар раҳбарлари, маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ҳамда дунёнинг турли мамлакатларида таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган 30 нафардан зиёд гулистонлик фуқаро иштирок этди.

Мулоқот давомида ватандошларнинг хориждаги таълим олиш ва ишлаш шароитлари, дуч келаётган қийинчиликлари, ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, улар томонидан туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва маҳаллалар ҳаётини янада яхшилашга қаратилган таклиф ҳамда ташаббуслар илгари сурилди.

Туман ҳокими билдирилган фикр ва таклифларнинг ҳар бирига эътибор қаратиб, ватандошлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш, уларнинг билим ва тажрибасидан ҳудуд ривожи йўлида самарали фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади.
Учрашув якунида барча мурожаатлар алоҳида назоратга олиниб, уларни ҳал этиш юзасидан масъул раҳбарларга аниқ топшириқлар берилди ва ижро муддатлари белгиланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири