Назорат тадбири ўтказилди
Навоий вилояти ҳудудий Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси томонидан келиб тушган мурожаат асосида Навоий шаҳар, Меъморлар кўчасида жойлашган 15-уйнинг ертўла қисмида назорат тадбири ўтказилди.
Ўрганишда аниқландики, уйда истиқомат қилувчи фуқаро ертўла қисмига ўзбошимчалик билан эгалик қилган. Шунингдек, ертўлада санитария меъёрларига риоя қилинмаган ҳолда қуён ва каптар боқилаётгани, турли ёнувчан ва металл буюмлар сақланаётгани ҳам маълум бўлди.

Мазкур ҳолатлар кўп қаватли уйларнинг умумий мулкидан фойдаланиш тартибига, шунингдек, санитария ва ёнғин хавфсизлиги талабларига зид ҳисобланади.

– Фуқаролар мурожаати асосида Навоий шаҳридаги кўп қаватли уйлар ертўласи ўрганилди, – дейди инспекциянинг Кўп квартирали уй-жой фондини бошқариш қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш шўъбаси бош мутахассиси Жаҳонгир Идиев. – Ўрганиш давомида уйнинг ертўла қисмида турли хил маиший чиқиндилар сақланганлиги аниқланди. Фуқарога аниқланган қонунбузарлик юзасидан мажбурий кўрсатма берилди. Мажбурий кўрсатмада белгиланган муддат давомида ертўла тозаланмаса, унга нисбатан тегишли чоралар қўлланиши тушунтирилди.
Берилган кўрсатманинг ижроси ҳудудий инспекция томонидан қатъий назоратга олинган.

Ҳудудларда кўп қаватли уй-жой фондидан оқилона ва қонуний фойдаланиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида назорат тадбирлари давом этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири