“Наврўзни улуғлаш инсонни улуғлашдир!”
Бухоро вилояти Қоровулбозор туманидаги “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинида умумхалқ байрами Наврўз муносабати билан “Наврўзни улуғлаш инсонни улуғлашдир!” шиори остида “Наврўз сайли” фестивали кўтаринки руҳда ва юқори савияда ташкил этилди.
Мазкур байрам тадбири Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Маданият вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамда туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилгани билан алоҳида аҳамият касб этди. Бу эса фестивалнинг мазмун-моҳиятини янада бойитиб, унинг қамровини кенгайтиришга хизмат қилди.
Фестивалда ёшлар, зиёлилар, ижод аҳли, тадбиркорлар, маҳалла фаоллари, таълим муассасалари вакиллари, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар ҳамда юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари фаол иштирок этди. Бу эса юртимиздаги миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик муҳитини яна бир бор намоён этди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Наврўз умумхалқ байрамини муносиб нишонлаш, миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш, аҳоли ўртасида инсонпарварлик, меҳр-оқибат, ўзаро ҳамжиҳатлик ва бирдамлик туйғуларини мустаҳкамлашдир. Шу маънода фестиваль нафақат байрам сайли, балки маънавий-маърифий тарбия мактаби сифатида ҳам аҳамият касб этди.
[gallery-28395]
–Фестиваль доирасида бир қатор ижтимоий ва маданий лойиҳалар амалга оширилди, –дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Қоровулбозор тумани бўлинмаси раҳбари Мунаввара Жумаева.– Хусусан, “Дўстлик дастурхони” гастро-мусиқий фестивали иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Унда турли миллат вакиллари ўзларига хос миллий таомларини тайёрлаб, меҳмонларга тақдим этдилар. Шу билан бирга, куй-қўшиқлар, миллий рақслар орқали халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик муҳити янада мустаҳкамланди.
Шунингдек, спорт мусобақалари ҳам фестивалнинг ажралмас қисмига айланди. Кураш, бадиий гимнастика ва шахмат каби спорт турлари бўйича беллашувлар ташкил этилиб, иштирокчилар ўз маҳоратларини намоён этди. Ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланиб, уларга эсдалик совғалари топширилди.
“Маърифат боғи” лойиҳаси доирасида амалга оширилган кўчат экиш тадбири эса фестивалга алоҳида мазмун бахш этди. Яхши ниятлар билан ўтқазилган дарахт кўчатлари келажак авлод учун муносиб мерос бўлиб хизмат қилиши, атроф-муҳитни асраш ва ободонлаштиришга ҳисса қўшиши билан аҳамиятлидир.
Фестивалда ҳунармандлар, рассомлар ва дизайнерлар ўз ижод намуналарини кенг намойиш этди. Миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, замонавий дизайн ечимлари ва санъат асарлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Бу эса миллий ҳунармандчилик анъаналарини сақлаш ва ривожлантиришга хизмат қилади.
Китобхонликни оммалаштиришга қаратилган тадбирлар ҳам алоҳида эътиборга молик бўлди. Китоб ярмаркалари, баҳру байтлар, шеърхонлик кечалари ташкил этилиб, ёшларда китобга бўлган меҳр ва қизиқишни оширишга замин яратилди.
Фестиваль давомида элимиз суйган санъаткорларнинг чиқишлари байрамга янада файз бағишлади. Қўшиқ ва куйлар, миллий рақслар иштирокчиларга унутилмас завқ бағишлаб, байрам кайфиятини янада юқори чўққига кўтарди.
Умуман олганда, бундай кенг қамровли ва мазмунли фестиваллар Наврўз байрамининг маънавий-маърифий аҳамиятини янада бойитиш билан бирга, жамиятимизда миллий қадриятлар, ўзаро ҳурмат, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари