Наврўз – жамиятни бирлаштирувчи маънавий куч
Наврўз халқимизнинг энг қадимий ва ҳаётбахш байрамларидан бири сифатида асрлар давомида инсонни табиат, жамият ва тарих билан боғлаб келаётган маънавий ҳодисадир. Унинг моҳиятида фақат фасл алмашинуви эмас, балки яшариш, руҳий покланиш, меҳр-оқибат, мурувват, саховат ва меҳнацеварлик каби юксак қадриятлар мужассам. Шунинг учун ҳам Наврўз халқ хотирасида оддий тантана эмас, балки эзгуликни улуғлайдиган, инсонни яратувчанликка чорлайдиган, жамиятни бирлаштирадиган маънавий тажриба сифатида яшаб келмоқда.
Бу байрамнинг тарихий илдизлари жуда қадимга бориб тақалади. Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит-турк”, Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Умар Ҳайёмнинг “Наврўзнома”, Абу Бакр Наршахийнинг “Бухоро тарихи” каби асарларда учрайдиган маълумотлар Наврўзнинг уч минг йилдан зиёд тарихга эга эканини кўрсатади. Бу манбаларда у инсон ҳаётидан ажралмаган, табиат қонунлари билан уйғун шаклланган байрам сифатида талқин этилади. Қуёшнинг Ҳамал буржига кириши, тун билан куннинг тенглашиши, кундузнинг узая бошлаши каби табиий жараёнлар Наврўзни фақат урф-одат эмас, балки аниқ астрономик ва ҳаётий асосга эга маданий ҳодиса сифатида тушунишга имкон беради.
Қадимий дунёқарашда баҳор ёруғликнинг зулмат устидан ғалабаси, ҳаётнинг қайта бошланиши, инсоннинг ўзини ва атрофини янгилаши билан боғланган. Бу қарашлар “Авесто” каби қадимий ёзма меросда ҳам акс этган. Унда табиатнинг жонланиши эзгулик, поклик ва тартиб билан уйғун ҳолда англатилади. Шундан англашиладики, Наврўз бошиданоқ моддий ҳаёт билан чекланмаган, у инсоннинг ички оламига ҳам таъсир қиладиган, уни эзгуликка мойил этувчи маънавий тамойилга айланган.
Наврўзнинг тарихий тараққиётига назар ташласак, у турли даврларда турлича шаклда намоён бўлганини кўрамиз.
Темурийлар замонида бу байрам нафақат табиат уйғониши рамзи, балки жамиятни бирлаштирувчи амалий ҳаёт мактаби сифатида ҳам аҳамият касб этган. Алишер Навоий фаолият юритган Ҳирот муҳити ҳақидаги тарихий маълумотларда байрам арафасида шаҳарни обод қилиш, ариқ-зовурларни тозалаш, умумий меҳнатга сафарбар этиш, камбағал ва муҳтожларга ёрдам кўрсатиш, қабристонларни тартибга келтириш каби ишлар тилга олинади. Бу ҳолат Наврўз руҳидаги янгиланиш ғояси ҳаётнинг ўзига кўчганини, байрам ижтимоий ҳамжиҳатлик ва инсоний масъулиятни кучайтирганини кўрсатади. Навоий даври мисолида Наврўз жамоатчиликни эзгу амал атрофида бирлаштирувчи маънавий-ахлоқий куч сифатида намоён бўлади.
Ўзбек халқининг Наврўз ҳақидаги тасаввурида байрам дастурхони алоҳида ўрин тутади. Кўк сомса, кўк чучвара, ҳалим, сумалак каби таомлар нафақат баҳор неъматлари тимсоли, балки халқнинг ҳаёт, барака, шукроналикка бўлган муносабатини ҳам ифода этади. Айниқса, сумалак Наврўзнинг энг таъсирчан ва бирлаштирувчи рамзларидан бири ҳисобланади. Уни тайёрлаш жараёнида маҳалла, қариндош-уруғ, қўни-қўшни бир қозон атрофида жам бўлади, дуо қилади, қўшиқ айтади, эзгу ниятлар қилади.
Сумалакни ковлаш одатида ҳам рамзий маъно бор: инсон қалбидаги яхши истак меҳнат ва сабр билан уйғунлашгандагина барака юзага келади. Шу жиҳатдан қараганда, сумалак сайли оддий таом тайёрлаш маросими эмас, балки ҳамжиҳатлик, саховат ва бағрикенглик маданиятининг амалий ифодасидир.
Тарихий маълумотларда сумалак сайли Наврўз байрамининг ажралмас қисми сифатида қайд этилади. Баъзи манбаларда унинг тарихи ҳам уч минг йиллик анъаналар билан боғланади. Амир Темур даврига оид айрим хабарларда ҳам Наврўз муносабати билан ўтказилган сайил ва йиғинлар зикр этилади. Бундай тантаналар қир-адирлар, боғлар, шаҳар майдонлари, муқаддас қадамжолар, маҳалла гузарларида ўтказилган.
Уларда халқнинг турли қатламлари қатнашиб, байрам ижтимоий тенглик ва умумий шодлик муҳитини яратган. Тайёр бўлган сумалакни барчага улашиш одати халқимизнинг меҳр-оқибат ва мурувватга асосланган дунёқарашини яққол намоён этади.
Наврўз билан боғлиқ баҳорий сайиллар ҳам халқ ҳаётида чуқур ўрин эгаллаган.
Лола сайли, “гули сурх” сайли каби анъаналар айниқса Фарғона водийси, Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларининг тоғли ва адирли ҳудудларида кенг тарқалган.
Бу сайиллар табиат гўзаллигига муҳаббат, меҳнат мавсумини шоду хуррамлик билан қарши олиш, инсоннинг борлиқ билан уйғунликка интилишини ифода этади. Гул очилган дала ва қирлар орасида ўтказилган оммавий йиғинлар халқнинг нафосат туйғуси, эстетик диди ва ҳаётсеварлигини тарбиялаган.
Наврўзнинг жамият ҳаётидаги ўрнини унинг маънавий ва ғоявий таъсирисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бу байрам инсонни ўз ҳаётига, атрофидаги одамларга, яшаб турган муҳитига бошқача нигоҳ билан қарашга ундайди. Унда ватанпарварлик ҳам бор, чунки Наврўз ерга меҳр қўйиш, уни обод этиш, юртни кўркамлаштириш туйғусини кучайтиради.
Унда тинчликсеварлик ҳам бор, негаки байрамнинг руҳи адоватни эмас, ярашишни, бегоналашувни эмас, яқинлашувни рағбатлантиради. Унда меҳнатсеварлик ҳам бор, зеро ҳар бир баҳор инсонни янгидан меҳнатга, ерга, ризққа, баракага юзлантиради. Унда миллат руҳи ҳам сезилади, чунки Наврўз асрлар давомида халқимизнинг турмуш тарзи, хотираси, диди, орзуси ва эзгу қарашлари билан қоришиб кетган.
Мустақиллик йилларида Наврўз Ўзбекистонда янада теран мазмун касб этди. 1990 йил 3 майдаги Президент фармони асосида у умумхалқ байрами сифатида эътироф этилди, 21 март дам олиш куни деб белгиланди. Кейинги даврда бу байрамни юртнинг барча ҳудудларида кенг нишонлаш мустаҳкам анъанага айланди.
Тошкентда махсус “Наврўз” боғининг бунёд этилгани ҳам ушбу қадриятга бўлган эҳтиромнинг рамзий ифодаси бўлди. Наврўзни давлат ва жамият ҳаётида улуғлаш орқали миллий хотира, урф-одат ва маънавий меросни асрашга алоҳида эътибор қаратилаётгани кўринади.
Бу байрамнинг географияси ҳам унинг маданий қудратини яққол кўрсатади.
Наврўз нафақат Ўзбекистонда, балки Афғонистон, Албания, Баҳрайн, Эрон, Ҳиндистон, Ироқ, Ливан, Озарбайжон, Покистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Сурия, Тожикистон, Туркия ва Туркманистонда ҳам турли шаклларда нишонланади.
Марказий ва Жанубий Осиё, Кавказ, Яқин Шарқ ҳамда бошқа ҳудудларда яшаб келаётган бу анъана бир қарашда ҳар хил кўринса-да, уни бирлаштириб турган умумий мазмун бор. У ҳам бўлса янгиланиш, инсонпарварлик, тотувлик ва ҳаётни қадрлаш ғоясидир.
Наврўзнинг халқаро миқёсда эътироф этилиши унинг умуминсоний аҳамиятини янада мустаҳкамлади. 2009 йилда байрам ЮНЕСКО томонидан инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди. 2010 йилда эса БМТ Бош Ассамблеяси 21 мартни Халқаро Наврўз куни деб эълон қилди. Бу қарорларда Наврўз халқлар ўртасида маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро ҳамжиҳатликни кучайтириш, дўстлик ва ҳамкорлик муҳитини қарор топтиришга хизмат қилувчи қадрият сифатида баҳоланган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Наврўз ўзининг ўлмас руҳи, умуминсоний ғоялари билан башарият ҳаётидан тобора чуқур ўрин эгалламоқда”, деган фикри ҳам байрамнинг мазмунини жуда аниқ ифодалайди.
Ҳозирги кунда Наврўзни нишонлаш фақат тантанавий тадбирлар билан чекланиб қолмаяпти. У маърифат, маданият, санъат ва жамоатчилик фаоллигини бир нуқтага жамлаётган кенг қамровли ижтимоий ҳаракатга айланмоқда.
Байрам тантаналари Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда “Маърифат” тарғиботчилари жамияти ҳамкорлигида ташкил этилаётгани бежиз эмас.
Чунки Наврўзнинг руҳи айнан ана шундай ҳамкорлик, жамоавий масъулият ва маънавий бирлик орқали тўлиқ намоён бўлади.
Айниқса, Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилари жамияти аъзолари, зиёлилар, эл севган санъат вакиллари, ижодкорлардан иборат гуруҳнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб “Наврўз сайли” фестивалини кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида Нукус шаҳрига етиб боргани бу байрамнинг тарбиявий ва бирлаштирувчи қудратини яна бир бор кўрсатади.
Фестиваль доирасида ўрин олган “Мумтоз наволар”, “Дўстлик дастурхони”, “Маърифат боғи”, “Анъана ва авангард”, “Баҳодирлар ўйини”, “Самодаги орзулар” каби лойиҳалар Наврўзнинг замонавий мазмунини бойитиб, унда миллий мерос, дўстлик, эстетик тафаккур, жисмоний баркамоллик ва орзу-интилишлар уйғунлигини намоён этмоқда. Бу каби дастурлар байрамни шунчаки томоша эмас, балки жамият руҳиятига таъсир этувчи маънавий ҳодисага айлантиради.
Шу билан бирга, Марказ ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти томонидан миллий ва умуминсоний қадриятларни сақлаш, уларни аждодлардан авлодларга етказиш масалалари бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилаётгани ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Бундай илмий ёндашув Наврўз каби қадриятларни чуқур ўрганиш, уларнинг маънавий мазмунини очиб бериш ва замонавий жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Айниқса, глобаллашув шароитида миллий қадриятларни асраб қолиш, ўзбек миллий руҳиятини ривожлантириш ва уни янги авлод онгига сингдиришда бундай тадқиқотлар муҳим ўрин тутади.
Наврўзнинг кучи унинг инсонни эзгуликка чорлаш хусусиятида. У жамиятга ахлоқий меъёрларни эслатади, одамларни бир дастурхон атрофида, бир ғоя, бир орзу, бир эзгу ният атрофида бирлаштиради.
Байрам кунларида одамлар бир-бирини афв этади, кекса ва беморлар ҳолидан хабар олади, муҳтожларга кўмак беради, ўтган қариндош-уруғлар қабрларини обод қилади, улар ҳаққига дуо қилади, яқинлар ҳолидан хабар олади, маҳалла ва кўчаларни файзли қилади.
Шу боис Наврўзни халқ ҳаётидаги маънавий иммунитетни мустаҳкамлайдиган, миллий ўзликни асрайдиган ва авлодлар ўртасидаги боғлиқликни кучайтирадиган катта маданий куч сифатида баҳолаш мумкин.
Наврўзнинг бардавомлиги унинг инсон эҳтиёжларига яқинлиги билан боғлиқ. Инсон ҳар баҳорда янгиланишни истайди, ўтганни эслаб, келажакка умид билан қарайди, ўз ҳаётини ва атрофини гўзаллаштиришга интилади. Наврўз ана шу табиий эҳтиёжларга маъно беради. У тарихий хотирани сақлайди, миллий қадриятларни тирилтиради, умуминсоний ғояларни тарғиб этади. Шунинг учун ҳам бу байрам кеча қандай аҳамиятга эга бўлган бўлса, бугун ҳам шундай қимматли, эртага ҳам шундай зарур бўлиб қолаверади.
Нигора Ҳусанова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти
катта илмий ходими
“Маърифат” тарғиботчилари жамияти аъзоси
ЎзА