Навоийда нарколаборатория аниқланди
Навоий вилояти ҳудудида олиб борилган “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирлари давомида нарколаборатория ташкил этиш ва гиёҳвандлик моддаларини сотишга оид бир нечта ҳолат аниқланди.
Навоий шаҳар ИИБ тезкор-қидирув хизмати ҳамда Давлат хавфсизлиги хизмати Навоий вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида 2000 йилда туғилган, муқаддам судланмаган йигит 1,8 грамм гашиш гиёҳвандлик моддасини 600 минг сўмга сотаётган вақтида ушланди.
Тезкор тадбир давомида ушбу гиёҳвандлик моддасини у 1999 ва 2000 йилларда туғилган, Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи шахслардан олгани аниқланди.
Олиб борилган тезкор-қидирув ишлари давомида мазкур икки йигит ёнида 8 та ампулада гашиш мойи ва фольга қоғозига ўралган 6 грамм гашиш гиёҳвандлик моддалари борлиги маълум бўлди.
Аниқланишича, улар Telegram ижтимоий тармоғидаги бот орқали таъминотчи сифатида фаолият юритган. Уларнинг вазифаси шаҳар ҳудудида гиёҳвандлик моддаларини мижоз билан учрашмаган ҳолда эгаларига етказишдан иборат бўлган.

Жиноий гуруҳнинг 2000 йилда туғилган аъзоси жорий йилнинг 4 январь куни махсус Telegram бот орқали гуруҳга қўшилиб, гиёҳвандлик моддаларини қайта ишлаш ва тайёрлаш бўйича онлайн дарслар орқали кўникма ҳосил қилган. У бот раҳбарининг кўрсатмалари асосида ўз яшаш хонадонида нарколаборатория ташкил этган.
– Тадбир давомида улар томонидан вилоят ҳудудида гиёҳвандлик моддалари жойлаштирилган манзиллар аниқланиб, ушбу жойларда 2 та ампулада гашиш мойи қолдирилгани маълум бўлди, – дейди вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Фаёзжон Қосимов. – Шунингдек, ҳолат юзасидан тезкор-қидирув тадбирлари уларнинг яшаш хонадонларида давом эттирилди. Унда 34 дона изолента билан қадоқланган гашиш, жами 1 кг 477 грамм гашиш ҳосилалари ҳамда қўлбола усулда тайёрлаш ва қадоқлаш учун ишлатиладиган буюмлар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди. Жиноий гуруҳ шу кунга қадар 1000 дан ортиқ манзилга гиёҳвандлик моддаларини жойлаштирган. Улар яна 1 миллиард 220 миллион сўмлик, яъни 2 кг 500 грамм гашиш моддасини белгиланган манзилларга етказиб беришни режалаштирган.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, жиноий гуруҳнинг қолган аъзоларини аниқлаш бўйича тезкор тадбирлар давом эттирилмоқда.
А. Бўриев, ЎзА мухбири