Навоий вилоятида миграция жараёнлари ўрганилди
Навоий вилоятида миграция ва демографик жараёнларни ўрганишга қаратилган кенг қамровли мониторинг ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу тадбирлар Миграция бўйича халқаро ташкилот (IOM) томонидан бир қатор миллий ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда бандликни ва барқарор стратегик ривожланишни қўллаб-қувватлаш учун демографик ва миграция жараёнларини комплекс баҳолаш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти, Миграция агентлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Миллий статистика қўмитаси билан ҳамкорликда ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Тадбир доирасида IOM халқаро эксперти Витторио Бруни ҳамда ташкилотнинг Ўзбекистондаги вакиллари иштирок этиб, маҳаллалардаги асосий ахборот берувчилар билан ўтказилаётган суҳбатлар сифатига алоҳида эътибор қаратишди. Шунингдек, маълумотларни йиғиш ишларининг тўғри ташкил этилганлиги ва уларни электрон базаларга ўз вақтида киритилиши ўрганилди.
Мониторинг жараёнида ҳудудий даражадаги миллий ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан ҳам учрашувлар ўтказилди. Жумладан, Миграция агентлигининг Навоий ҳудудий филиали ходимлари билан мулоқотлар давомида маълумот йиғиш ишлари муҳокама қилиниб, маҳалла даражасидаги самарадорликни ошириш бўйича таклифлар билдирилди.

– Мониторингнинг асосий мақсади маълумот йиғиш жараёнларини бевосита кузатиш ва ушбу ишларда иштирок этаётган ходимлар фаолияти самарадорлигини баҳолашдан иборат, – дейди Миграция агентлиги Навоий ҳудудий филиали бошлиғи Исмат Болтаев. – Шу билан бирга, тўпланаётган маълумотлар таҳлил қилиниб, жараённи янада такомиллаштириш имкониятлари ўрганилмоқда. Ўрганиш ишлари Навбаҳор туманидаги Пахтакор, Зарафшон шаҳридаги Алишер Навоий, Конимех туманидаги Зафаробод ҳамда Кармана туманидаги Кўҳнақўрғон маҳаллаларида олиб борилди. Ушбу ҳудудларда маълумот йиғувчиларнинг амалий фаолияти жойида таҳлил қилиниб, тегишли тавсиялар берилди.

Мониторинг натижаларига кўра, ишлар белгиланган тартибда ва тизимли равишда амалга оширилаётгани қайд этилди. Шу билан бирга, маълумотлар сифатини янада ошириш, уларни электрон тизимларга киритишни такомиллаштириш ҳамда маҳалла даражасидаги ҳамкорликни кучайтириш бўйича қўшимча таклифлар ишлаб чиқилди.
Мазкур мониторинг натижалари келгусида миграция жараёнларини самарали бошқариш ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади.

А. Бўриев, ЎзА мухбири