Комплаенс-назорат: хизмат текширувлари натижасида 173 нафар ходимга жиноий жазо қўлланилди
17 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, 992 нафари интизомий жазолар олган.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2026 йилда коррупцияга қарши курашиш бўйича “Фавқулодда ҳолат” эълон қилинган.
Шу асосда коррупцияга қарши курашиш, комплаенс назоратини такомиллаштириш ва соҳани рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Президент Администрациясининг комплаенс хизмати масъул ходимлари, шунингдек, давлат органлари вa ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат (комплаенс) тузилмалари раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда қайд этилишича, жорий йилнинг биринчи чорагида комплаенс-назорат бўлинмалари томонидан 10 минг 951 ўрганиш ўтказилиб, 504,9 миллиард сўмлик зарар аниқланган. Шундан 237 миллиард сўмлик маблағнинг мақсадсиз сарфланишининг олди олинган.

Хизмат текширувлари натижасида 173 нафар ходим жиноий, 17 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, 992 нафарига нисбатан интизомий жазолар қўлланилган.
Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда соҳа ва тармоқларда коррупцияга қарши чора-тадбирларни янада кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Жумладан, айрим бўлинмалар томонидан давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ўрганиш, мониторинг ва назорат тадбирлари етарли даражада амалга оширилмагани, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш борасида сусткашликка йўл қўйилаётгани танқид қилинди.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича вазирлик ва идоралар раҳбарларининг шахсий масъулияти ҳамда жавобгарлигини ошириш зарурлиги қайд этилди. Масъулиятсизликка йўл қўйган масъулларга нисбатан кескин чоралар кўрилиши ҳақида қатъий огоҳлантирилди.
Йиғилиш доирасида комплаенс-назорат бўлинмалари раҳбарларининг кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳисоботлари тингланди.
Н.Абдураимова,ЎзА