Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Нурота туманида Навоий вилояти судлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Мажбурий ижро бюросининг Нурота туман бўлими иш юритувидаги алимент қарздорлигини ундириш масалалари кўриб чиқилди.

Жараён давомида жами 8 нафар қарздорга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, уларнинг жавобгарлиги суд тартибида кўриб чиқилди. Суд мажлисида 4 нафар қарздорга нисбатан 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Яна 4 нафар қарздорга нисбатан эса маъмурий иш материаллари тугатилди.
Мажбурий ижро бюроси томонидан алимент тўловларини ўз вақтида ундириш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
***
Конимех тумани Бирлик маҳалласида жойлашган 4-сонли Мусиқа ва санъат мактабида иш излаётган фуқаролар ва ёшлар учун меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.

Туман ҳокимлиги ҳамда туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими ташаббуси билан ўтказилган тадбирда олий ва профессионал таълим муассасалари битирувчилари, ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар, шунингдек, пробация назоратида бўлган ишсиз фуқаролар иштирок этди.
Ярмаркада тумандаги 21 та корхона ва ташкилот 72 та бўш иш ўрни билан қатнашди. Шунингдек, 5 та тадбиркорлик субъекти ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар ҳамда амалга ошириш режалаштирилаётган лойиҳаларни тақдим этди.
Тадбир давомида 10 нафар ишсиз фуқарога доимий иш ўринларига ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилиб, 6 нафари ишга жойлаштирилди. 5 нафар фуқарога касб-ҳунарга ўқитиш учун ваучерлар берилди.
Шунингдек, 5 нафар фуқарога ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш мақсадида тижорат банкларидан имтиёзли кредит олиш бўйича тавсиялар берилди.
***
Кармана тумани Маданият марказида туман “Нуроний” жамғармаси томонидан “Бир нуроний – ўн ёшга масъул” кўрик-танловининг туман босқичи ташкил этилди.

Танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид қарорлари ижросини таъминлаш, маънавий кўмакка муҳтож ёшларни қўллаб-қувватлаш, ёшларни Ватанга садоқат, эзгулик ва меҳр-оқибат руҳида тарбиялаш, шунингдек, нуронийларнинг жамиятдаги фаоллигини янада ошириш мақсадида ўтказилди.
Танловда тумандаги 9 та маҳалла фуқаролар йиғинидан фаол нуронийлар ўзаро беллашди. Улар томонидан ёшлар тарбияси, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, ажрим ёқасидаги ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда миллий ва умуминсоний қадриятларни ёшлар онгига сингдириш борасида амалга оширилаётган ишлар тақдим этилди.
Якуний натижаларга кўра, 1-ўринга Гуландай Ислямова (Мирсаид Баҳром маҳалласи), 2-ўринга Мукаррам Темирова (Хўжа Хисрав маҳалласи) ва 3-ўринга Ибодулло Бобоқулов (Пахтаобод маҳалласи) лойиқ деб топилди.
Тадбир якунида ғолиблар ҳамда фаол иштирокчилар “Нуроний” жамғармасининг пул мукофотлари, ташаккурномалари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А. Бўриев, ЎзА мухбири