Намунали оилалар тақдирланди
Сирдарё вилоятида жамиятда эзгу қадриятларни мустаҳкамлаш, оила институтининг нуфузини ошириш ҳамда маҳаллаларда маънавий муҳитни янада барқарорлаштиришга қаратилган тизимли ишлар изчил давом этмоқда. Шу мақсадда вилоятнинг Сардоба туманида ташкил этилган навбатдаги тантанали маросимда намунали ҳаёт тарзи ва ибратли фаолияти билан ажралиб турган оилалар муносиб тақдирланди.
Мазкур тадбирда жамиятда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, фарзанд тарбияси, оилавий қадриятларни асраб-авайлаш, шунингдек, маҳаллаларда тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган 9 та оилага “Ибратли хонадон” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.

Тадбир аввалида сўзга чиққан Сардоба тумани ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Баҳром Жумабаев бугунги кунда оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.

– Бугун нафақат Сардоба туманида, балки бутун мамлакатимизда Халқаро оилалар куни муносабати билан кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Бу каби ташаббуслар оила институтни мустаҳкамлаш, жамиятда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини янада кучайтиришга хизмат қилади, – деди у.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда оилаларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож хонадонлар билан манзилли ишлаш, шунингдек, намунавий оилаларнинг ижобий тажрибасини оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маҳалла тизимининг кучайтирилиши эса бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширмоқда.

Тадбирда иштирок этган масъуллар ва жамоатчилик вакиллари томонидан оиланинг жамиятдаги ўрни беқиёс экани, айниқса, ёш авлодни ватанпарварлик, садоқат, меҳр-оқибат ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда оила институти ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, тинч ва фаровон жамиятнинг пойдевори аввало мустаҳкам, аҳил ва ҳамжиҳат оилалар экани таъкидланди. Шу маънода, оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда ибратли тажрибаларни оммалаштириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири сифатида эътироф этилди.

Тадбир давомида “Ибратли хонадон” кўкрак нишони билан тақдирланган оилаларнинг кўп йиллик ҳалол меҳнати, маҳалла ҳаётидаги фаол иштироки, аҳил-иноқ турмуш тарзи ҳамда фарзанд тарбиясидаги намунавий ёндашувлари алоҳида эътироф этилди. Уларнинг ҳаётий тажрибаси бошқа оилалар учун ҳақиқий ибрат мактаби сифатида баҳоланди.
Тантанали маросим якунида тақдирланган оилаларга мукофотлар, махсус гувоҳномалар ва эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, уларнинг келгусида ҳам жамият равнақи ва маънавий муҳитни янада юксалтиришга муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири