Бозорлардаги ёнғин хавфсизлигига ким қарши бўлмоқда?
ФВВ, тадбиркорлар ва бозор эгалари ўртасида йиллар давомида ечилмаётган муаммо
Маълумотларга кўра, халқ тилида Абу Сахий бозори деб аталувчи Тошкент савдо марказидаги битта блок ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермаслиги боис Чилонзор туман Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан ёпилган.
Аммо негадир 10 кундан сўнг яна қайта очилган. Кўпчилик учун қизиқарли бўлган мазкур маълумотларга аниқлик киритиш учун аввало ФВВ Тошкент шаҳар бош бошқармасидан муносабат олдик.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/S4C9pzaiAR8" title="FVV, tadbirkorlar va bozor egalari o‘rtasida yillar davomida yechilmayotgan muammo" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>– Чилонзор тумани Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан ўтказилган давлат ёнғинлар назорати текширувлари натижасида шу туманда жойлашган Абу Сахий бозорининг 1-блогида кўплаб ёнғин хавфсизлиги қоидалари қўпол равишда бузилиши аниқланган. Содир бўлиши мумкин бўлган йирик фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида ушбу бозорнинг 1-блоги 10 кун муддатга электр таъминотидан узилган. Шу муддат тугагандан сўнг махсус тилхат асосида электр таъминоти қайта улаб берилди.
Ҳозирда ҳужжатлар тайёрланиб судга тақдим қилинган. Бундан кейинги жараён, яъни электр таъминотидан узилишлар суд қарори асосида амалга оширилади, – деди Тошкент шаҳар ФВББ ахборот хизмати бошлиғи Зуҳриддин Қурбонов.
Баъзи маълумотларга кўра, ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган мазкур блок тадбиркорларнинг босими сабаб яна қайта иш бошлаган. Шу боис иккинчи томон сифатида тадбиркорларнинг фикри билан ҳам қизиқдик.
Тадбиркорлар эса бирор тайинли ёки асосли фикр айта олмади. Улар фақат бозор ёпилмаслигини исташади, холос. Хавфсизлик ва кафолат эса улар наздида кейинги ва аҳамиятсиз масалалигича қолмоқда.
“Контейнер ёнмайди, фақат ёмғир ёққанда томимиздан сув ўтади, контейнерлар олди сувга тўлиб кетади, шундай бўлса ҳам бир амаллаб савдо қилаверамиз, нима бўлганда ҳам бозор ёпилмасин”, – деди тадбиркорлардан бири.
Шу ўринда айтиш жоизки, жорий йил бошидан буён ёнғин бўйича тарқалаётган нохуш хабарларнинг асосий қисми бозорлар билан боғлиқ бўлиб қолмоқда. Хусусан, “Уч қаҳрамон”, “Авиасозлар” ва Бешқўрғон бозорларидаги ёнғинларнинг кўлами ва тадбиркорлар кўрган зарар салмоғи билан жамоатчиликда каттагина резонанс келтириб чиқарди.
Қадимий қадриятларимиз асосида вужудга келган бозорларимизга харидорларнинг кўп қисми ташриф буюришини ҳисобга олган ҳолда ушбу жамоат жойларидаги ёнғин хавфсизлигини таъминлаш замон талаби бўлиб қолаверади. Бу нафақат аҳоли хавфсизилиги балки, тадбиркорлар мол-мулкини ҳам асраш сиёсатидир.
Шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда 2024 йил охирида “Йирик бозорларда жамоат тартибини сақлаш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори ҳам қабул қилинди.
Шу ўринда яна бир жиҳат борки, ёнғин хавфсизлиги талабаларига жавоб бермайдиган блок вақтинча ёпиладиган бўлса, фуқароларнинг ҳуқуқи ва мулк дахлсизлиги тамойилларига асосан дўконлар компенсацияси масаласи нима бўлади? Бу савол албатта бозор раҳбариятига тааллуқли.
– Биринчи блокдаги 800га яқин дўкон 100 фоиз хусусий мулк ҳисобланиб, тадбиркорларнинг ўзига тегишли. Агар бу дўконлар бозор ихтиёрида бўлганида, муаммони ўзимиз ҳал қилиб, янги дўконларни қуриб берган бўлар эдик. Дўконлар хусусий мулк бўлгани боис мулк эгаларининг розилиги ва рухсати зарур. Асосий муаммо шунда, – деди Тошкент савдо маркази бош директор ўринбосари Акмал Азляров. – Бу жой ким томонидан ва нима сабабдан бузилишидан қатъи назар, тадбиркорларни ўзимиз қўллаб-қувватлаган ҳолда уларга шароит яратиб берамиз. Чунки улар йиллар давомида бозор билан бирга ишлаб ўз тадбиркорларимиздек бўлиб қолишган.
Тошкент савдо маркази раҳбариятининг маълум қилишича, ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган блок ўрнида замонавий бозор қурилиши режалаштирилган. Аммо энг катта муаммо шундаки, тадбиркорлар бунга қарши.
Ислоҳотлар жадаллашган бугунги замонда бозорлар ҳам замонавий ва қулай қиёфа касб этиши билан бирга, хавфсизлик тамойилларигача алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шундай экан, ўтган аср кўринишидаги савдо расталаридан воз кечадиган давр аллақачон бошланган. Буни бозорларда тирикчилик қилаётган тадбиркорлар ҳам тан олган ҳолда замонавий, қулай ҳамда энг асосийси, жони ва моли учун хавфсиз шарт-шароитни қабул қилишлари керак.
Шерали Отабоев, Нишон Абдувоитов (видео), ЎзА