НамДТУ ва «Ўзбекгидроэнерго» АЖ: энергетика соҳаси учун кадрлар тайёрлашда ҳамкорлик
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда Наманган вилоятининг Учқўрғон ва Норин туманлари ҳудудида, Катта Андижон каналида барпо этилган Қўғай-1 ва Қўғай-2 кичик ГЭСлари фойдаланишга топширилди.
Ушбу объектларда энергетика соҳасида замонавий технологияларни амалиётга татбиқ этиш билан бир қаторда, соҳа учун малакали мутахассислар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда Наманган давлат техника университети ва «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ўртасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан келишувларга эришилди.
Учрашувда таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни тизимли йўлга қўйиш, талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
[gallery-31239]
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб энергетика йўналишларида таҳсил олаётган талабаларни корхонанинг ишлаб чиқариш объектларига бириктириш, дуал таълимни йўлга қўйиш, амалий машғулотларни соҳа мутахассислари иштирокида ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, гидроэнергетика соҳасидаги илғор тажрибани ўқув жараёнига татбиқ этиш кўзда тутилмоқда.
Бугунги кунда НамДТУ Энергетика факультетида 1700 нафар талаба таҳсил олмоқда. Ўтган ўқув йилида 353 нафар талаба энергетика таълим йўналишларини тамомлаган бўлиб, уларнинг 250 нафари ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашди. Шундан 13 нафари «Ўзбекгидроэнерго» АЖнинг Норин ГЭСлар каскадига ишга қабул қилинди.
Бу тажриба таълим муассасаси ва тармоқ корхонаси ўртасидаги амалий ҳамкорлик мутахассисларни тайёрлаш ва уларни соҳада иш билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётганини кўрсатади.
Эндиликда ҳамкорликни янада кенгайтириш орқали талабаларнинг таҳсил жараёнидаёқ ишлаб чиқариш муҳитига мослашувини таъминлаш ва касбий кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган ишлар давом эттирилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА