Наманганда юрак жарроҳлиги бўйича ноёб амалиёт ўтказилди
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида юрак-қон томир касалликларини даволаш борасида яна бир муҳим қадам ташланди. Бу ерда республика ҳудудий тиббиёт муассасалари орасида биринчилардан бўлиб аорта қопқоғини катетер орқали алмаштириш амалиёти (“TAVI”) муваффақиятли бажарилди.
Ушбу юқори технологияли операция аорта қопқоғининг оғир даражада торайиши – аортал стеноз ташхиси қўйилган беморда амалга оширилди. Амалиёт Қозоғистон Миллий кардиохирургия илмий маркази бўлим мудири, тиббиёт фанлари доктори Абдурашид Мусаев бошчилигидаги мутахассислар ҳамда наманганлик кардиолог-шифокорлар ҳамкорлигида ўтказилди.

– Аортал стеноз юракнинг асосий қон томирига чиқиш қисмида жойлашган қопқоқнинг торайиб қолиши билан кечадиган оғир касаллик ҳисобланади, – дейди Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов. – Илгарилари бундай беморларга кўкрак қафасини очиб, сунъий қон айланиши шароитида мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилар эди. Соҳамизга кириб келган янги “TAVI” усули эса катетер ёрдамида, асосан сон артерияси орқали кириб борган ҳолда шикастланган қопқоқни алмаштириш имконини беради.
Вилоят кардиология маркази бўлим мудири, тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (“PhD”) Акмалжон Жалиловнинг қайд этишича, “TAVI” усулининг асосий афзалликлари бемор организмига кам шикаст етказиши, операциядан кейинги тикланиш даврининг қисқариши ва юқори хавф гуруҳига кирувчи беморларда ҳам самарали қўлланилиши билан аҳамиятга эга.
Дарҳақиқат, олдин бундай амалиётлар асосан хорижий ва пойтахтдаги тиббиёт марказларида амалга ошириларди. Эндиликда эса юқори технологияли амалиётларни вилоятнинг ўзида бажариш имконияти пайдо бўлмоқда. Бу аҳоли учун ҳам вақт, ҳам маблағ тежалишига хизмат қилади.

Қозоғистонлик кардиожарроҳ Абдурашид Мусаевнинг эътироф этишича, Намангандаги тиббий кардиологик марказ замонавий ангиографик қурилмалар, диагностика ускуналари ва операция учун зарур бўлган барча техник воситалар билан таъминланган. Энг муҳими, бу ерда билимли ва изланувчан мутахассислар жамоаси шаклланган. Бугунги амалиёт ҳамкорликдаги ишларнинг амалий натижаси бўлиб, келгусида бундай операциялар сони янада ортиши шубҳасиз.

“TAVI” амалиётининг юртимизда биринчилардан бўлиб Наманганда йўлга қўйилиши вилоятда кардиожарроҳлик хизматини янги босқичга олиб чиқади. Асосийси, оғир юрак касалликларидан азият чекаётган беморлар эндиликда юқори технологияли тиббий ёрдам – ихтисослаштирилган тиббий хизматни ўз ҳудудида олиш имкониятига эга бўлмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.