Наманганда нодавлат нотижорат ташкилотларига эътибор қандай?
Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонунига биноан, Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси томонидан Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг ҳудудий бўлинмаларини ва маҳаллий бюджетдан субсидия олувчи бир қатор нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолияти бўйича якуний ҳисоботларини эшитиб бориш белгиланган.
Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиясининг навбатдаги йиғилишида Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг Наманган вилояти бўлинмаси ҳамда маҳаллий бюджетдан давлат субсидияси олувчи ташкилотларнинг 2026 йилнинг ўтган даврида амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботлари эшитилди.
Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси, сенатор Икромхон Нажмиддинов олиб борган йиғилишда фуқаролик жамияти институтларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоий муаммоларни ҳал этишдаги иштирокини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, парламент ҳузуридаги жамоат фондининг Наманган вилояти бўлинмаси томонидан вилоятдаги субсидия олувчи ташкилотлар — вилоят ногиронлар жамияти, кўзи ожизлар жамияти, карлар жамияти ҳамда ногиронлар ассоциацияси вилоят бўлимларининг устав фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан давлат субсидиялари ажратилиб, уларнинг аҳолига кўрсатаётган ижтимоий хизматлари самарадорлигини оширишга кўмак берилмоқда.
Жумладан, бевосита ногиронлиги бор ҳамда жисмоний имконияти чекланган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда муҳофаза қилишга йўналтирилган нодавлат сектор вакилларига жорий йилнинг ўзи учун вилоят бюджети ҳисобидан 4,5 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилди. Бу ўз навбатида, жамиятлар аъзоларининг яшаш шароитларини яхшилаш, ўйлантирган долзарб муаммоларини ҳал этиш, улар қошидаги ишлаб-чиқариш корхоналари фаолиятини кучайтириш сингари хайрли мақсадларга сарфланди.

Азимжон Зойилов раҳбарлигидаги вилоят ногиронлар жамияти фаолиятида камчиликларга йўл қўйилгани танқидий кўриб чиқилиб, унинг раисига масъулиятни ошириш, жамият ишини тубдан ўзгартириш лозимлиги қайд этилди.

Аксинча, Комилжон Шералиев раислигидаги вилоят кўзи ожизлар жамияти фақатгина давлат томонидан кўрсатилаётган мададнинг ўзига таяниб қолмасдан, жамият аъзоларини моддий-маънавий жиҳатдан рағбатлантириш учун қўшимча имкониятлар ҳисобидан даромад манбаларига эга бўлаётгани эътироф этилди.
Президентимизнинг 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизими жорий этилди. Мазкур ҳужжат асосида нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат грантлари, давлат субсидиялари ва давлат ижтимоий буюртмалари орқали қўллаб-қувватлаш кўлами кенгайтирилди. Танлов жараёнларининг очиқлиги ва шаффофлиги таъминланиб, барча лойиҳалар ngo.gov.uz электрон платформаси орқали қабул қилинмоқда.

Қолаверса, фуқаролик жамияти институтларини ҳудудларда долзарб ижтимоий муаммоларни ҳал этишга фаол жалб қилиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва давлат органлари билан ижтимоий шерикликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида 2026 йил учун Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди ва унинг Наманган вилояти бўлинмаси томонидан "Наманган вилоятидаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишга фуқаролик жамияти институтларини жалб этиш" мавзусида биринчи давлат гранти танлови эълон қилинди.

Танлов доирасида Чуст туманидаги Ғовасой соҳили маҳалласи ҳудудидан ўтувчи каналга кўприк қуришга кўмаклашиш; Косонсой туманидаги 15-сонли умумтаълим мактаби синфхоналарини замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминлаш; Уйчи тумани Эзгулик маҳалласи ҳудудида жойлашган 25-мактабда замонавий кутубхона ташкил этиш; Наманган шаҳрининг Фаровон маҳалласида истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни яшил энергия муаммоларини ҳал этиш; Тўрақўрғон тумани Бекобод маҳалласи аҳолисини электр энергияси билан таъминлашга кўмаклашиш; Янгиқўрғон тумани Юқори Қораёнтоқ маҳалласи ҳудудида замонавий воркаут майдончасини барпо этиш ҳамда ёшлар саломатлигини мустаҳкамлаш каби лойиҳалар ўрин олган.

Мазкур грант танлови доирасида ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни молиялаштириш учун жами 1 миллиард 180 миллион сўм маблағ ажратилиб, у республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда. Танловга Наманган вилоятидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан электрон платформаси орқали жами 34 лойиҳа тақдим этилди. Ҳозирда лойиҳаларни белгиланган мезонлар асосида баҳолаш ишлари олиб борилмоқда.
Йиғилиш якунида фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш, давлат грантлари ва субсидияларининг самарадорлигини ошириш, аҳолини қийнаётган долзарб муаммоларни нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда ҳал этиш бўйича долзарб вазифалар белгилаб олинди.

Таъкидлаш даркор, нодавлат нотижорат ташкилотларига қаратилаётган бундай эътибор ва ғамхўрликлар фуқаролик жамияти институтларининг жамият тараққиётидаги ролини кучайтириш, ҳудудлардаги ижтимоий муаммоларни самарали ҳал этиш, ҳамда давлат ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ижтимоий шерикликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.