ФарДУ волейболчилари Ўзбекистон кубогини қўлга киритди
Қорақалпоғистон Республикасида U20 ёш тоифасидаги ўғил болалар ўртасида волейбол бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақаси бўлиб ўтди.
Мамлакатнинг етакчи жамоалари иштирок этган беллашувларда Фарғона давлат университетининг профессионал жамоаси муваффақиятли иштирок этиб, мусобақа ғолиблигини қўлга киритди.
Мусобақа давомида рақибларидан устун келган ФарДУ волейболчилари финал босқичига йўл олди. Ҳал қилувчи учрашувда Қашқадарё вилояти жамоасига қарши майдонга тушган фарғоналиклар 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб, Ўзбекистон кубоги соҳиби бўлди.

Бу натижа жамоа аъзоларининг мусобақага тайёргарлиги, майдондаги ўзаро ҳамжиҳатлиги ва спорт маҳоратини намоён этди. Қўлга киритилган кубок университет вакилларининг волейбол бўйича мамлакат миқёсидаги мусобақада эришган муҳим ютуғи бўлди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА