Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда ҳашар уюшқоқлик билан ўтмоқда

Кўркам, обод юртнинг файзи ва таровати ўзгача бўлади. Зотан, озодалик, поклик, саранжомлик ҳамда саришталик юртимизнинг янада кўркам бўлишига замин яратади.

Мамлакатимизда улуғ айёмлар арафасида она заминни обод, озода кутиб олиш мақсадида умумхалқ ҳашарларини ўтказиш эзгу анъанага айланган. Рамазон ҳайити ва Наврўз байрами арафасида бутун республикамиз бўйлаб ташкил этилган “Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади” шиори остидаги хайрия ҳашари Наманган вилоятида ҳам кўтаринки руҳда ўтказилмоқда.
Наманган шаҳрида муқаддас қадамжоларни ободонлаштириш, уларни тартибли ва файзли масканга айлантириш борасида изчил ишларга киришилди. Мавлоно қабристони ҳудудида олиб борилган кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш айни шу мақсадга қаратилди.

Ҳашарда Наманган шаҳри ҳокими Аюбхон Камолов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Икромхон Нажмиддинов бошчилигида бир қатор нуронийлар, маҳалла фаоллари ва ташкилотларининг кўнгилли ходимлари шижоат кўрсатдилар.
Юртимизга файз олиб кираётган қўшалоқ байрамлар арафасидаги ҳашар аввалида ўтганлар руҳи шод этилиб, дуо-фотиҳа ўқилди. Шундан сўнг, қабристон ҳудудида ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Унда ҳудудни кўкаламзорлаштириш учун қабристон атрофида ва ички қисмида кўчатлар экилди, йўлаклар тартибга келтирилди, ортиқча чиқиндилар тозаланди. 

Жамиятда ҳамжиҳатлик ва эзгулик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган хайрия ҳашари Наманган давлат техника университетида фаоллик ва уюшқоқлик билан ўтди. Унда университет ректори ва проректорлар, деканлар ва декан ўринбосарлари, профессор-ўқитувчилар ва талабалар, хўжалик бўлими ходимлари фаол қатнашдилар.

Ҳашар давомида университет ўқув бинолари, талабалар тураржойлари атрофи, гулхона ва йўлаклар тозаланиб, ҳудудлар ободонлаштирилди. Олий ўқув юрти ҳудудида 700 туп япон сафораси, эман ва арча, уч минг тупдан зиёд атиргул кўчатлари экилди. 

Элимизнинг азалий қадриятларидан саналган ҳашар вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармасида ҳам кўтаринки руҳда ташкил этилди. Эрта тонгданоқ бошқарма ҳудуди тозаланди, дарахтларга ишлов берилиб, ерлар чопилди. 

Дарвоқе, гуллар шаҳрида ҳар бир ҳашарда анвойи гуллар экилмай қолмайди. Бошқарма биноси атрофига ўтқазилган ранго-ранг гуллар атрофга янада файзу тароват бағишлади.

Чортоқ туманида ҳам саҳардан киришилган хайрия ҳашарида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари бажарилди. Унда корхона ва ташкилотлар, муассасалар жамоалари, меҳнат фахрийлари, ташаббускор ёшлар ҳамда маҳалла аҳолиси бир тану бир жон бўлди.

Айниқса, Боғ, Айқирон, Комиллик, Навбаҳор, Ласкидон ва Кесканёр маҳаллалари ҳудудидан ўтган темир йўл атрофларида ободонлаштиришга алоҳида аҳамият берилди. Ҳудудлар чиқиндилардан тозаланиб, атроф-муҳит тартибга келтирилди. Мавжуд дарахтлар оқланиб, янги ниҳоллар экилди.

Наманган туманидаги Миришкор ва Ровустон маҳаллалари ҳудудидан ўтган темир йўл атрофи ҳудудида кенг кўламда кўчат экиш ҳамда ободонлаштириш ишлари олиб борилди. 

Бундан ташқари, мазкур ҳудуддаги хонадонлар, томорқалар, боғу роғлар ва фермер хўжаликлари далаларида ободонлаштириш, кўчат экиш, тозалаш, оқлов ишлари жадаллаштирилди. Белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш орқали ҳудудларнинг санитар ҳолатини яхшилаш, темир йўл атрофини обод ва кўркам қиёфага келтириш мақсад қилинган.

Дарҳақиқат, ҳашар орқали маҳалла ва кўчаларимиз янада файзли қиёфа касб этади, табиатга эътибор ва атроф-муҳитга масъулият ҳисси кучаяди. Мамлакатимиз бўйлаб қизғин олиб борилган умумхалқ хайрия ҳашари Янгиқўрғон туманида ҳам кенг қулоч ёзди. Хусусан, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий шифохона ҳудудини тартибга келтириш, дарахтларни оқлаш, атрофни тозалаш ишлари амалга оширилди.

Умумхалқ ҳашарида саришталикнинг чинакам фидойилари – туман ободонлаштириш бўлими ишчи-хизматчилари барчага ўрнак намунасини кўрсатдилар. Тозалик посбонлари кўча ва йўлакларни тартибга келтириш, чиқиндиларни ташиб кетиш, ариқ-зовурларни очиш, яшил ҳудудларни парваришлаш ҳамда ҳудудларда санитария ҳолатини яхшилаш ишларига алоҳида эътибор қаратишди.

Тўрақўрғон туманида олиб борилган ҳашар ободонлаштириш тадбирларининг узвий давоми бўлди. Эрта тонгдан маҳаллалар, ички йўллар ва марказий кўчалар, қабристонларда аҳоли ўз ташаббуслари билан ҳаракатни бошладилар. Ташкилот ва корхоналар, ўқув муассасалари ҳам ўз ҳудудларида иш ташкил этишди. 

Озода жойда барака, фаровонлик ҳукм суради. Маҳаллалардаги уюшқоқлик ва ҳамжиҳатлик тинч-бахтли ҳаётга шукроналик ифодасидир. Бугуннинг ўзидаёқ ҳашар туфайли ҳудудлар чирой очди, янги кўчатлар экилди, мавжуд дарахтлар парваришланди, сув йўллари равонлашди. Шунингдек, туман ҳудудидан ўтган 19 километрли темир йўл яқинида жойлашган хонадонлар ҳамда ўндан ортиқ фермер хўжаликлари томонидан ҳам ободонлаштириш юмушлари ташкил қилинди.

[gallery-28162]

Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмасидан олинган маълумотларга кўра, икки кунлик хайрия ҳашарининг дастлабки кунидаги тадбирларда Наманган вилоятидан 1 миллион 487 минг киши, шу жумладан 585 минг 359 нафар ёш жалб этилди. Ҳашарда вилоятдаги 754 та маҳалладаги 6 минг 932 та кўчада ободонлаштириш ишлари олиб борилиши натижасида жами 3 минг 972 тонна маиший чиқиндилар олиб чиқилди. Маҳалла ҳудудларида 4 минг 215 километр ариқ ва лотоклар тозаланди, 682 та қабристон ва 36 та зиёратгоҳда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. Шунингдек, маҳаллаларда 1 миллиондан ортиқ дарахт ва ниҳоллар оқланиб, шакл берилди.
Табиатни асраш, “яшиллик”ни кенгайтириш мақсадида амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳашар кунлари 535 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлар экилди. Бу экилган ҳар бир кўчат келажакка экилган умид, табиатга бўлган меҳр ва юртимизнинг янада обод бўлишига қўшилаётган муносиб ҳиссадир.

Ҳашарда хайрли, савобли ишларга ҳам устувор аҳамият қаратилди. 7 минг 502 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ва якка- ёлғиз кекса бор хонадонларнинг томорқа ерлари баҳорги экинга тайёрланди. Шу билан бирга, 3 минг 770 нафар кам таъминланган, эҳтиёжманд ва ногиронлиги бўлган оила ҳолидан хабар олиниб, саховатпеша инсонлар, тадбиркорлар ҳомийлигида моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 123 кишининг уй-жойлари таъмирлаб берилди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА