Энг яхши ҳамшира аниқланди
Андижон давлат тиббиёт институти симуляция ва аттестация марказида “Ҳамшира – 2026” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Танловда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт тизими ривожини, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва савиясини юксалтириш, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини, шифокорларнинг, айниқса, ўрта тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ошириш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Айни кунда вилоятдаги тиббиёт муассасаларида 35 минг нафарга яқин ўрта тиббиёт ходимлари фаолият олиб бормоқда. Уларнинг касбий малакасини юксалтириш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш, фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Йил ҳамшираси” кўрик-танлови вилоят босқичида танловнинг туман, шаҳар ва тармоқ босқичларида ғолибликни қўлга киритган ҳамширалар иштирок этиб, белгиланган шартлар асосида ўз билим ва маҳоратларини синовдан ўтказди.
Иштирокчиларнинг чиқишлари вилоят соғлиқни сақлаш тизими вакиллари ҳамда Андижон давлат тиббиёт институтининг малакали шифокор ва мутахассисларидан иборат нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Якуний натижаларга кўра, Шаҳрихон тумани тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги 1-оилавий поликлиника ҳамшираси Холидахон Усмонова биринчи ўринга сазовор бўлиб, танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
[gallery-28763]
Танловда Пахтаобод тумани тиббиёт бирлашмаси марказий поликлиникаси ҳамшираси Мубинахон Орзиқулова иккинчи, Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмаси 1-оилавий поликлиника ҳамшираси Мубинахон Фозилова учинчи ўринга лойиқ деб топилди.
– Танловда ғолиба бўлиш менга катта масъулият юклайди, – дейди Холидахон Усмонова. – Ушбу муваффақият нафақат менинг, балки мен меҳнат қилаётган жамоанинг эришган ютуғидир. Ғолиблик мени халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида янада шижоат билан меҳнат қилишга ундайди, менга куч ва ишонч бағишлайди. Энди танловнинг мамлакат босқичида ҳам ғолиблар қаторида бўлишга ҳаракат қиламан.
Ғолиб, совриндор ва танловнинг барча иштирокчилари вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),ЎзА мухбирлари.