Наманганда “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳасига старт берилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 25 мартдаги “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни жадаллаштиришга оид комплекс чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорига мувофиқ, мамлакатимизда аҳоли ўртасида экологик одатларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур ҳужжат асосида мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари ҳамда олий таълим муассасаларида “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси босқичма-босқич жорий этилмоқда.
Республика миқёсида амалга ошириладиган ушбу лойиҳа намунавий тарзда Наманган вилоятида бошланди. Лойиҳанинг илк тадбири Янги Наманган туманидаги 61-сон давлат мактабгача таълим ташкилотида ўтказилди.
“Жажжи эколог” шиори остида ташкил этилган тарғибот тадбирида болаларда экологик маданиятни шакллантириш, атроф-муҳитни асраш ва табиатга нисбатан масъулиятли муносабатни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, мазкур лойиҳа ёш авлодни экологик тарбия руҳида камол топтириш, уларнинг табиатга бўлган эҳтиромини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тадбирда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Республика “Ёш экологлар” ҳаракати Кенгаши, вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ҳамда вилоят “Ёш экологлар” ҳаракати Кенгаши масъуллари иштирок этди.
Шунингдек, мактабгача таълим ташкилотининг экологик маданиятни шакллантириш йўлидаги фаолияти алоҳида эътироф этилди. Лойиҳа доирасида фаол иштирок этган тарбияланувчилар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
[gallery-28697]
Маълум қилинганидек, мазкур тадбирлар келгусида мактаблар ва олий таълим муассасаларида ҳам давом эттирилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА