Наманган гимнастикачилари халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўрмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Янги Наманган туманида жойлашган Наманган вилояти гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида бугунги кунда 34 нафар тренер-ўқитувчи ёш спортчиларни тайёрлаш йўналишида фаолият олиб бормоқда. Муассасада гимнастиканинг бадиий ва спорт йўналишларида истеъдодли ёшларни саралаб олиш, уларнинг маҳоратини ошириш ҳамда юқори натижаларга эришишга қаратилган тизимли ишлар йўлга қўйилган.
Ўтган 2025 ўқув йили якунларига кўра, спорт мактаби тарбияланувчилари республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда фаол иштирок этиб, жами 120 та медални қўлга киритди. Эътиборлиси, улар орасида 6 нафар жаҳон чемпионати совриндорлари ҳам мавжуд. Бу натижалар вилоятда гимнастика соҳаси изчил ривожланиб бораётганидан далолат беради.
Мутахассислар таъкидлашича, эришилаётган ютуқлар замирида мураббийлар салоҳияти, спортчиларнинг интизоми ва доимий машғулотлар билан бир қаторда, замонавий спорт инфратузилмасининг яратилгани муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Ёш мураббий Ҳолида Сатимова уч йилдан буён бадиий гимнастика йўналишида қизлар билан ишлаб келмоқда. Унинг таъкидлашича, мазкур спорт тури нафақат жисмоний ривожланиш, балки болаларда ирода, диққат ва эстетик дидни шакллантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
2026 йилда спортчиларни янада муҳим халқаро мусобақалар кутмоқда. Мазкур стартлар ёш гимнастикачилар учун ўз маҳоратини намоён этиш ва янги ютуқларга эришишда муҳим босқич бўлиши кутилмоқда.
[gallery-28841]
Маълумот учун, спорт мактабида ҳозирги кунда бадиий гимнастика йўналиши бўйича 278 нафар қиз ўқув-машғулот гуруҳларида, 300 дан ортиқ қиз эса соғломлаштириш машғулотларида мунтазам иштирок этмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА