Мутолаа — эзгуликка етаклайди
ФОТОРЕПОРТАЖНукус шаҳрида фаолият юритаётган Қорақалпоғистон Республикаси кўзи ожизлар махсус кутубхонаси кўзи ожиз ва заиф кўрувчи фуқаролар, уларнинг оила аъзолари ҳамда кутубхона жойлашган ҳудуд аҳолисига ахборот-кутубхона хизматларини кўрсатиб келмоқда.
Айни пайтда кутубхонанинг республикадаги фаолияти кенг қамров касб этган. Хусусан, Нукус шаҳри, Амударё, Беруний, Кегейли, Қўнғирот, Тахиатош, Тўрткўл, Чимбой, Хўжайли ва Элликқалъа туманларида унинг филиаллари иш юритмоқда. Бу ҳудудларда истиқомат қилувчи кўзи ожиз ва заиф кўрувчи фуқароларнинг китоб ва ахборот ресурсларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайяпти.
Кутубхона фаолияти кўламини рақамларда ҳам кўриш мумкин. Ҳозирда республика бўйича 4 минг 552 нафар китобхон кутубхона хизматларидан фойдаланмоқда. Умумий китоб фонди эса 60 минг 844 нусхани ташкил этади. Фонддан 14 минг 249 нусха Брайл ёзувидаги адабиётлар, 36 минг 106 нусха босма ҳарфли китоблар, 9 минг 231 нусха «гапирувчи китоб» ва 1 минг 258 дона электрон диск ўрин олган.
Кўзи ожиз китобхонларнинг ахборот ва бадиий адабиётларга бўлган эҳтиёжини қондириш, улар учун мутолаанинг замонавий шаклларини яратиш мақсадида кутубхона қошида овоз ёзиш студияси ташкил этилган. Унда бугунга қадар 244 та аудиокитоб тайёрланган.
Аудиокитоблар кўзи ожиз китобхонларга адабиётлардан мустақил фойдаланиш, билим ва дунёқарашини кенгайтириш имконини бермоқда.
[gallery-31790]
Кутубхонанинг кичик типографиясида ҳам китобхонлар эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, қорақалпоқ тилида 124 номдаги Брайл ёзувидаги адабиётлар нашр этилди.
Бундай адабиётларнинг яратилиши кўзи ожиз китобхонларнинг миллий адабиёт, тарих, маданият ва маънавий мерос намуналаридан баҳраманд бўлиш имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА