Ёшлар киберхавфсизлиги ва гиёҳвандликка қарши кураш — долзарб вазифа
Бугунги рақамли даврда ёшларни интернет маконидаги турли таҳдидлар, кибержиноятлар ва гиёҳвандлик каби зарарли иллатлардан ҳимоя қилиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, ёш авлоднинг билимли, ҳуқуқий маданияти юксак, ахборот хуружларига нисбатан ҳушёр ва соғлом турмуш тарзига содиқ бўлиб вояга етиши жамият келажагини белгилайдиган муҳим омиллардандир.
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, маънавий баркамол авлодни тарбиялаш ҳамда жиноятчилик ва гиёҳвандликка қарши курашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда ёшларни рақамли макондаги хавф-хатарлардан огоҳ этиш, уларда киберхавфсизлик кўникмаларини шакллантириш ҳам профилактик ишларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда Бухоро вилояти божхона бошқармаси ташаббуси билан бошқармага бириктирилган Бухоро шаҳридаги 30-сонли умумий ўрта таълим мактабида “Рақамли суверенитет ва миллий киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда ёшларни гиёҳвандлик моддаларининг салбий таъсиридан асраш” мавзусида раҳбар ва ёшлар учрашуви ташкил этилди.
Тадбирда Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари О. Кодиров сўзга чиқиб, рақамли технологиялар имкониятлари кенгайиб бораётган бугунги шароитда ёшларнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш, уларни кибержиноятлардан огоҳ этиш ва гиёҳвандликнинг аянчли оқибатларидан ҳимоя қилиш муҳим вазифа эканини таъкидлади.
Дарҳақиқат, интернет бугун билим олиш, мулоқот қилиш ва янги имкониятларга эга бўлиш учун кенг йўл очмоқда. Бироқ шахсий маълумотларнинг тарқалиб кетиши, сохта ҳаволалар, фирибгарлик схемалари ва шубҳали таклифлардан келиб чиқадиган хавфлар ҳам йўқ эмас. Айниқса, рақамли хавфсизлик қоидаларини етарлича билмаган ёшлар бундай таҳдидларга осонроқ дуч келиши мумкин. Шу боис уларга хавфни олдиндан англаш ва тўғри қарор қабул қилишни ўргатиш долзарб аҳамиятга эга.

Учрашув давомида Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси масъул ходимлари ўқувчиларга киберфирибгарликнинг кенг тарқалган усуллари, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, интернетдаги шубҳали таклифларни фарқлаш ва рақамли маконда ҳушёр бўлиш юзасидан тушунчалар бердилар. Амалий мисоллар орқали ҳар қандай хабар ёки ҳаволага ишонишдан олдин унинг ишончлилигини текшириш, шахсий маълумотларни бегона шахсларга ошкор этмаслик ва хавфли ҳолатларга дуч келганда тегишли идораларга мурожаат қилиш зарурлиги тушунтирилди.
Тадбирнинг яна бир муҳим йўналиши ёшларни гиёҳвандлик воситаларидан асраш, уларнинг инсон саломатлиги, келажаги ва жамият ҳаётига салбий таъсирини очиб беришга қаратилди. Бу борада профилактик суҳбатлар билан бир қаторда, гиёҳвандликка қарши курашишда божхона органлари фаолиятининг аҳамияти ҳам ёритилди.
Божхона органлари кинология хизмати ходимлари томонидан гиёҳвандлик воситаларини аниқлашга ихтисослаштирилган хизмат итлари иштирокида кўргазмали чиқиш намойиш этилди. Бу ўқувчиларга кинологлар фаолияти, хизмат итларининг махсус тайёргарлиги ва гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш жараёнлари билан яқиндан танишиш имконини берди.

Учрашувнинг аҳамияти шундаки, унда ёшларга фақат мавжуд хавфлар ҳақида маълумот бериш билан чекланилмади, балки уларнинг турли таҳдидларни англашлари, ўз хавфсизлиги учун масъулиятни ҳис этишлари ва зарарли иллатларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлишларига эътибор қаратилди.
Зеро, рақамли хавфсизлик маданияти ва соғлом турмуш тарзига содиқлик ёшларнинг шахсий ҳимояси билангина чекланмайди. Бу оила осойишталиги, жамият барқарорлиги ва мамлакат келажаги учун ҳам муҳимдир. Бундай учрашувлар эса ёшларнинг ҳуқуқий билимини ошириш, ҳаётий кўникмаларини мустаҳкамлаш ва уларни турли хавф-хатарларга нисбатан огоҳ бўлишларига хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири