Мурожаат – рақам эмас, инсон тақдири
Бухоро вилояти Вобкент туманида аҳоли мурожаатлари таҳлили: камайган рақамлар ортида қандай натижалар бор?Фуқарони эшитиш, унинг муаммосини ўрганиш ва қонуний ечимини топиш давлат бошқарувининг энг муҳим мезонларидан бири. Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқот қилиш, фуқаролар мурожаатларини “хонадан хонага” эмас, натижадан натижага олиб боришга қаратилган тизим бугун амалда ўз самарасини кўрсатмоқда.
2026 йил 1 апрелда қабул қилинган Президентнинг “Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳам ана шу сиёсатнинг мантиқий давоми бўлди. Ҳужжатда халқ билан мулоқотни янги босқичга олиб чиқиш, мурожаатлар билан ишлашни чуқур таҳлил қилиш ва муаммоларни келтириб чиқараётган сабабларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилган.
Вобкент туманида 2026 йилнинг иккинчи чораги якунлари бу борадаги ишларни рақамлар орқали яққол кўрсатиб турибди.
2026 йил 1 июль ҳолатига Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига Вобкент тумани аҳолисидан 763 та мурожаат келиб тушган. Шундан 691 таси бўйича натижа тасдиқланган.
Эътиборлиси, мурожаатларнинг 282 таси, яъни 43,8 фоизи ижобий ҳал этилган. 322 та мурожаат бўйича фуқароларга ҳуқуқий маълумот берилган, 106 тасига тушунтириш берилган. Қолган мурожаатлар белгиланган тартибда назоратга олинган, кўриб чиқиш ёки ўрганиш жараёнида.
Энг муҳим кўрсаткич — мурожаатлар сонининг камайганидир. Ўтган йилнинг мос даврида 983 та мурожаат қайд этилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 763 тани ташкил этиб, 220 тага ёки 22,4 фоизга камайган.
Бу шунчаки рақам эмас. Бу айрим муаммоларнинг қуйи бўғинларда ҳал этилаётгани, аҳолининг давлат идораларига мурожаат қилиш сабаблари қисқараётганидан далолат берувчи муҳим сигнал.
Бироқ таҳлилнинг моҳияти фақат “камайиш”ни қайд этишдан иборат эмас. Аксинча, қайси масалалар ҳали ҳам аҳолини ўйлантираётгани аниқ кўриниши керак.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритиш билан боғлиқ мурожаатлар 2025 йилдаги 171 тадан жорий йилда 4 тага тушган.
Яшаш шароитини яхшилаш, уй-жойни таъмирлаш ва қуриш учун ёрдам сўраб қилинган мурожаатлар ҳам 20 тадан 2 тага камайган. Электр тармоқлари объектларини қуриш, таъмирлаш ва ўзгартириш масалалари бўйича мурожаатлар 21 тадан 6 тага тушган.
Шу билан бирга, кадастр маълумотлар базаси билан боғлиқ мурожаатлар 5 тадан 17 тага, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича мурожаатлар 9 тадан 12 тага, муҳтожларга бир марталик моддий ёрдам масаласидаги мурожаатлар эса 12 тадан 23 тага ошган. Бандлик соҳасида ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари фаолияти бўйича мурожаатлар ҳам 1 тадан 3 тага кўпайган.
Демак, рақамлар бизга битта муҳим хулосани беради: умумий мурожаатлар камайгани билан муаммолар таркиби ўзгармоқда. Шунинг учун ҳар бир соҳа бўйича алоҳида “диагноз” ва аниқ ечим зарур.

Давлат раҳбари номига йўлланган ва тумандаги ташкилотларга юборилган мурожаатлар ҳам 2025 йилдаги 570 тадан 391 тага, яъни 179 тага камайган. Бироқ айрим ташкилотларда мурожаатлар сони аксинча ошган.
Масалан, туман ҳокимлиги томонидан ўрганилган мурожаатлар 84 тадан 100 тага, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига йўналтирилган мурожаатлар эса 42 тадан 67 тага кўпайган.
Яна бир муҳим жиҳат – мурожаатларни ижобий ҳал этиш даражаси. Туман бўйича бу кўрсаткич 53 фоизни ташкил этган бўлса, айрим ташкилотларда натижа анча паст. Оила ва хотин-қизлар бўлими – 43 фоиз, Ички ишлар бўлими – 42 фоиз, Ёшлар ишлари бўлими – 33 фоиз, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази – 29 фоиз.
Бу рақамлар шунчаки статистика эмас. Улар масъул идоралар учун аниқ вазифани белгилаб беради: мурожаатни қабул қилишнинг ўзи етарли эмас, унинг ортидан натижа бўлиши шарт.
Таҳлилларда такрорий мурожаатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жорий йилда уларнинг сони 134 тадан 106 тага камайган. Бироқ такрорий мурожаатлар умумий мурожаатларнинг 16 фоизини ташкил этаётгани муаммоларни биринчи мурожаатдаёқ ҳал этиш самарадорлигини янада ошириш зарурлигини кўрсатади. Айниқса, такрорий мурожаатларнинг асосий қисми алимент ундириш, иш билан таъминлаш, болалар нафақаси, иш ҳақи, ижро ҳужжатлари бўйича қарз ундириш ва бир марталик моддий ёрдам каби масалаларга тўғри келмоқда. Маҳаллалар кесимида эса энг кўп такрорий мурожаатлар Вобкент, Чангарон, Дўстлик, Терaклик ва бошқа ҳудудларда қайд этилган.
Бу ерда муҳим савол туғилади: нега фуқаро бир масала билан бир неча марта мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда? Ана шу саволга жавоб топиш мурожаатлар билан ишлашдаги энг муҳим мезонлардан биридир.
– Энг аввало, ҳар бир рақам ортида инсон турганини унутмаслик керак, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилояти Вобкент туманидаги Халқ қабулхонаси мудири ўринбосари И.Каримов. – Мурожаатлар сонининг камайиши ижобий тенденция. Лекин биз бу кўрсаткични ўз-ўзича муваффақият деб баҳоламаймиз. Асосий мезон — муаммо қай даражада ва қайси босқичда ҳал этилмоқда. Мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, айрим масалалар бўйича сезиларли ижобий силжиш бор. Шу билан бирга, кадастр, моддий ёрдам, айрим ижтимоий ва бандлик масалаларида мурожаатлар кўпайган. Демак, шу йўналишларда профилактик ишларни кучайтиришимиз зарур. Такрорий мурожаат бу масъул ташкилот учун жиддий сигнал. Фуқаро бир масала билан қайта-қайта мурожаат қилаётган бўлса, демак, биринчи мурожаатда унинг муаммоси тўлиқ ҳал этилмаган ёки унга берилган жавоб уни қониқтирмаган. Шу сабабли Халқ қабулхонаси томонидан нафақат мурожаатнинг ижроси, балки унинг мазмуни, сабаби ва якуний натижаси ҳам таҳлил қилинади. Агар фуқаро туман ёки вилоят даражасидаги идораларга мурожаат қилганидан кейин ҳам натижа топмаса, у юқори босқичга мурожаат қилишга мажбур бўлади. Давлат раҳбари томонидан яратилган Халқ қабулхоналари тизимининг асосий мақсади ҳам айнан шу фуқаронинг муаммосини юқорига чиқиб кетмасидан олдин қуйи бўғиннинг ўзида қонуний ва адолатли ҳал этиш. Мурожаатни ўз вақтида рўйхатга олмаслик, ижрони кечиктириш, сайёр қабулларни номигагина ўтказиш ёки уларни ахборот тизимига киритмасликка йўл қўйиб бўлмайди. Халқ қабулхонаси томонидан аниқланган камчиликлар юзасидан 3 та тақдимнома, 3 та ахборот, 4 та талабнома, 5 та кўрсатма ва 2 та таклиф киритилди. Натижада бир нафар ходим қатъий огоҳлантирилди, икки нафар масъул ходимга нисбатан маъмурий чора кўрилди. Бу жазолаш учун эмас, масъулиятни ошириш учун амалга оширилаётган чоралардир. Бир мурожаатни 12 кун кечиктириш — бир инсонни 12 кун куттиришдир Таҳлиллар давомида аниқланган бир ҳолат бу масаланинг нақадар муҳимлигини кўрсатади. Дўстлик маҳалласида яшовчи фуқаро Нилуфар Шодиева 2026 йил 11 февраль куни “Вобкент Сити” МЧЖ томонидан уй-жойига етказилган зарар юзасидан мурожаат қилган. Мурожаат 12 февраль куни ижро учун тегишли бўлимга электрон тарзда келиб тушган. Аммо у 12 кундан сўнг — 24 февраль куни ижрога қабул қилинган. Қонун эса бошқача талаб қилади: мурожаат келиб тушган куннинг ўзида, иш вақти тугаганидан кейин келиб тушган бўлса, кейинги иш куни рўйхатдан ўтказилиши лозим. Бу ерда гап оддий техник хатолик ҳақида эмас. Мурожаатни кечиктириш – фуқаронинг муаммосини кечиктиришдир. Шунинг учун давлат идораси ходимининг масъулияти, энг аввало, фуқаронинг вақтини қадрлашдан бошланади.

Вобкентда аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш амалиёти ҳам кенгаймоқда. Туман ҳокими 8 та сайёр қабул ўтказиб, 28 та мурожаат қабул қилган. Кўриб чиқилган 18 та мурожаатнинг барчаси ижобий ҳал этилган. Туман прокурори 10 та сайёр қабулда 31 та мурожаат қабул қилиб, кўриб чиқилган 24 тасининг барчасини ижобий ҳал этган. Туман ички ишлар бўлими бошлиғи томонидан ўтказилган 2 та сайёр қабулда 5 та мурожаат қабул қилиниб, кўриб чиқилган 4 таси ижобий ҳал этилган.
Маҳаллаларда эса йилнинг биринчи ярмида 90 та оммавий сайёр қабул ўтказилиб, 200 та масала қайд этилган. Шундан 143 таси ижобий ҳал этилган. Бу амалиётнинг энг катта афзаллиги шундаки, раҳбар кабинетда мурожаат кутиб ўтирмайди — муаммонинг ўзи бор жойга боради. Аммо назоратдаги бўшлиқлар ҳам бор. Шу билан бирга, барча ташкилотларда сайёр қабулларни ташкил этиш бўйича ишлар бирдек эмас.
Масалан, туман бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси томонидан режа-жадвалда белгиланган айрим сайёр қабуллар ўтказилмаган ёки Виртуал Халқ қабулхонаси ахборот тизимига киритилмаган.
“Агробанк”нинг туман филиалида ҳам бир қатор маҳаллаларда режалаштирилган сайёр қабуллар ўтказилмаган ёки тизимда акс эттирилмаган. Бу ҳолатлар бир ҳақиқатни яна бир бор кўрсатади: рақамли тизимда қайд этилмаган қабул амалда назоратдан четда қолиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир қабул, ҳар бир мурожаат ва ҳар бир жавоб рақамли тизимда ўз вақтида акс этиши шарт.
Мурожаатларни ҳудудлар кесимида таҳлил қилиш ҳам муҳим. Иккинчи чорак якунига кўра, мурожаатлар сони “Вобкент” маҳалла фуқаролар йиғинида 31 та, “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида 28 та, “Тераклик”да 21 та, “Кўлхатиб”да 20 та, “Латифсобунгар”да 20 та, “Ўзбакoн” ва “Найман”да 18 тадан қайд этилган. Бу рақамларни шунчаки “кўп” ёки “кам” деб баҳолаш етарли эмас. Нега айнан шу маҳаллада мурожаатлар кўп? Қайси муаммо такрорланяпти? Қайси ташкилотнинг ишида узилиш бор? Ана шу саволлар таҳлилнинг ҳақиқий қийматини белгилайди.
Жамоавий мурожаатлар сони ўтган йил даражасида – 18 та бўлиб қолган. Аммо уларнинг атиги 4 таси ижобий ҳал этилган.
Мурожаатларда асосан ички йўлларни таъмирлаш, газ таъминоти, ижро ҳужжатлари, иш билан таъминлаш, таълим, жамоат хавфсизлиги, спорт, санитария-эпидемиологик осойишталик ва меҳнатга ҳақ тўлаш каби масалалар кўтарилган. Демак, жамоавий мурожаатлар — бир фуқаронинг эмас, бутун маҳалланинг эҳтиёжини кўрсатадиган индикатор. Шу боис уларни алоҳида назоратга олиш, муаммонинг илдизини ўрганиш ва тизимли ечим ишлаб чиқиш талаб этилади.
Вобкент туманида мурожаатлар билан ишлашда ижобий тенденциялар бор. Умумий мурожаатлар 22,4 фоизга камайган. Ижтимоий ҳимоя, уй-жой, электр таъминоти каби қатор йўналишларда мурожаатлар сезиларли қисқарган. Бироқ кадастр, моддий ёрдам, айрим бандлик ва ижтимоий масалаларда мурожаатларнинг кўпайиши ҳали ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар борлигини кўрсатмоқда. Такрорий мурожаатларнинг 106 тани ташкил этаётгани эса ҳар бир мурожаатни биринчи бор келганидаёқ сифатли кўриб чиқиш зарурлигини англатади.
Энг муҳими, давлат раҳбари томонидан йўлга қўйилган “халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил мурожаатлар билан ишлашнинг бош мезони бўлиб қолиши лозим.
Халқ қабулхонаси фаолиятининг ҳақиқий самараси эса қабул қилинган мурожаатлар сони билан эмас, муаммоси ҳал бўлган инсонлар сони билан ўлчанади.
Шу маънода Вобкентдаги бугунги таҳлил битта муҳим ҳақиқатни кўрсатмоқда: мурожаатни эшитиш — вазифа, уни ҳал қилиш — масъулият, бир муаммонинг қайта мурожаатга айланишига йўл қўймаслик эса давлат хизматидаги ҳақиқий натижадир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири