Миллий банкда коррупцияга қарши кураш кучайтирилмоқда
Мамлакатимизда банк-молия тизимининг барқарорлигини таъминлаш, соҳада ошкоралик, шаффофлик ва қонун устуворлиги тамойилларини тўлиқ қарор топтириш устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида белгиланган коррупцияга қарши курашиш борасидаги стратегик вазифалар ижросини таъминлаш, банк-молия тизимида коррупциявий хавфларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш мақсадида “Ўзмиллийбанк” АЖ тизимида комплекс чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда жорий йилнинг коррупцияга қарши курашишда “фавқулодда ҳолат” йили деб эълон қилингани мазкур йўналишдаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, профилактика ва назорат механизмларини янада кучайтириш, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда банк тизими ўртасидаги ҳамкорликни тизимли равишда ривожлантиришни тақозо этмоқда.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда “Ўзмиллийбанк” АЖ ҳамкорлигида банкнинг ички назорат ва комплаенс йўналишларида фаолият юритувчи ходимлари учун икки кунлик махсус амалий ўқув-семинари ташкил этилди.

Мазкур тадбир банк тизимида коррупциявий омилларни бартараф этиш, молиявий жиноятларнинг олдини олиш, ички назорат механизмларини такомиллаштириш ва банк фаолиятида қонунийлик, ҳалоллик ҳамда шаффофлик тамойилларини янада мустаҳкамлашга қаратилди.

Ўқув-семинарнинг муҳим йўналишларидан бири тижорат банкларида коррупцияга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш масалалари бўлди. Хусусан, манфаатлар тўқнашувини аниқлаш, унинг олдини олиш ва бартараф этиш, банк қарорларини қабул қилиш жараёнларида холисликни таъминлаш, шунингдек, кредит ажратиш билан боғлиқ жараёнларда коррупциявий хавфларни минималлаштириш масалалари ҳуқуқий ва амалий жиҳатдан атрофлича муҳокама қилинди. Шу билан бирга, коррупцияга қарши курашишда фақат ҳуқуқбузарлик содир этилганидан кейин чора кўриш эмас, балки коррупциявий хавфларни олдиндан аниқлаш, уларни таҳлил қилиш ва профилактик механизмларни кенг жорий этиш устувор вазифа экани алоҳида таъкидланди.

Семинарнинг яна бир муҳим йўналиши жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ҳамда оммавий қирқин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш масалаларига бағишланди.

Машғулотлар давомида молиявий мониторингни самарали ташкил этиш, шубҳали операцияларни аниқлаш ва баҳолаш, мижозларни лозим даражада текшириш, юқори хавфли операцияларга нисбатан кучайтирилган назорат чораларини қўллаш, халқаро санкциялар талабларига риоя этиш ҳамда молиявий хавфларни бошқариш механизмлари бўйича назарий ва амалий билимлар берилди. Бунда халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани банк амалиётига татбиқ этиш, молиявий операцияларнинг шаффофлигини таъминлаш ва шубҳали операцияларни аниқлаш бўйича ички механизмларни доимий равишда такомиллаштириб бориш зарурлиги қайд этилди.

Тадбирда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Марказий банк ҳамда “Ўзмиллийбанк” АЖнинг тегишли таркибий тузилмалари масъул ходимлари фаол иштирок этди. Бундай кўп томонлама ҳамкорлик, аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг амалий тажрибаси билан банк тизимидаги ички назорат механизмларини уйғунлаштириш, коррупция ва молиявий жиноятларга оид замонавий хавфларни биргаликда муҳокама қилиш ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича ягона ёндашувларни шакллантиришга хизмат қилади.

Семинарда таъкидланганидек, коррупцияга қарши самарали курашиш фақат алоҳида бир тузилманинг вазифаси эмас, балки барча бўғинларнинг ҳамжиҳатлиги ва тизимли ҳамкорлигини талаб этади. Шу нуқтаи назардан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Марказий банк ва тижорат банклари ўртасидаги очиқ мулоқот ва тажриба алмашинуви коррупциявий хавфларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Мухтасар айтганда, “Ўзмиллийбанк” АЖда коррупцияга қарши курашишнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, ички назорат механизмларини такомиллаштириш, ходимларнинг ҳуқуқий ва коррупцияга қарши комплаенс бўйича билимларини ошириш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Айниқса, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, прокуратура органлари, Марказий банк ва бошқа ваколатли ташкилотлар билан йўлга қўйилган амалий ҳамкорлик ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, коррупциявий хавфларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ва банкда “коррупцияга нисбатан муросасизлик” муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Банк томонидан коррупцияга қарши курашиш, молиявий жиноятларнинг олдини олиш ва ички назорат самарадорлигини оширишга қаратилган конференциялар, давра суҳбатлари, учрашувлар ва амалий семинарларни мунтазам ташкил этиш келгусида ҳам устувор вазифалардан бири бўлиб қолади. Зеро, замонавий ва рақобатбардош банк тизимининг барқарорлиги нафақат юқори молиявий кўрсаткичлар ва даромадлилик, балки қонунийлик, ҳалоллик, шаффофлик, ҳисобдорлик ҳамда жамият ва мижозлар ишончини қай даражада таъминланиши билан белгиланади.


“Фавқулодда ҳолат” йили доирасида амалга оширилаётган мазкур чора-тадбирлар ҳам айнан шу эзгу мақсадга — коррупциявий хавфларнинг олдини олишга қаратилган самарали профилактик тизимни шакллантириш, молиявий жиноятларга қарши курашиш механизмларини кучайтириш ҳамда банк тизимида ишончли, очиқ ва шаффоф муҳитни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
матбуот хизмати