Муқаддам судланган муҳандис яна пора олаётганда қўлга тушди
Жиззах вилоятида хизмат мавқеидан фойдаланиб, ноқонуний пул талаб қилган электр таъминоти корхонаси муҳандиси қўлга олинди. Ҳолат мансаб ваколатларини шахсий манфаат йўлида суиистеъмол қилишнинг ҳуқуқий оқибатларини яна бир бор кўрсатди.
Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси маълум қилди. Унда Шароф Рашидов туманидаги электр таъминоти корхонаси муҳандиснинг қонунга хилоф ҳаракатлар содир этгани гумон қилинмоқда.
Маълум бўлишича, муҳандис корхонага тегишли сув чиқариш иншоотини электр тармоғидан узиш хизмати учун 29,5 миллион сўм талаб қилган. Ушбу маблағнинг 14,5 миллион сўмини олдиндан қўлга киритган. Қолган 15 миллион сўмни олаётганида Департамент ходимлари уни ашёвий далиллар билан ушлаган.
Департамент маълумотларига кўра, мазкур шахс муқаддам ҳам жиноий жавобгарликка тортилган бўлган. Бироқ бу ҳолат уни қонунга зид ҳаракатлардан тўхтатмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Хизмат ваколати шахсий даромад орттириш воситаси эмас, балки халқ манфаатига хизмат қилиш масъулиятидир. Қонун талабларини менсимаслик эса муқаррар ҳуқуқий оқибатларга олиб келади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири