Хотин-қизлар билан очиқ мулоқот - муаммоларга амалий ечим демак
Мамлакатимизда ҳар бир аёлнинг муаммосини эшитиш, уларнинг орзу-истаклари ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали оилалар фаровонлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шу эзгу мақсадлар йўлида жойларда аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, тизимли камчиликларни жойида ўрганиш ва бартараф этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан жойлардаги аёллар билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотлар ташкил этиш эзгу анъанага айланиб бормоқда. Навбатдаги ана шундай учрашув ҳам турли соҳаларда фаолият юритаётган, тадбиркорликка интилаётган ҳамда ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизларни бир даврага жамлади.
[gallery-32469]
Бунда аграр тармоқда меҳнат қилаётган аёлларнинг иш шароитларини яхшилаш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва соҳадаги мавжуд муаммоларга тизимли ечим топиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув давомида мутасадди раҳбарлар ва тегишли идоралар вакиллари ҳар бир мурожаатни диққат билан тинглаб, мавжуд муаммоларнинг туб сабабларини таҳлил қилди. Бунда бандликни таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратиш, шунингдек, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш каби долзарб масалалар ҳам диққат марказида бўлди.
Жумладан, муҳокамада хотин-қизлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда хўжалик фаолиятини кенгайтириш ва даромадини оширишга кўмаклашиш масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, сув таъминоти билан боғлиқ мурожаатлар алоҳида кўриб чиқилди. Билдирилган мурожаатлар юзасидан суғоришдаги узилишларни сув хўжалиги мутахассислари билан ўрганиш, экспортбоп жийда навларини танлаш ва сифатли кўчат етказиб беришда илмий-амалий ёрдам кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг асосида харид қилиш имкониятлари муҳокама қилинди. Мулоқотда имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратишда фермер ва томорқа эгаси бўлган хотин-қизларга устуворлик бериш таклиф қилинди.
Илғор фермер аёллар тажрибаси асосида ҳудудларда тажриба алмашиш мактабларини ташкил этиш, аграр маслаҳат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, етиштирилган маҳсулотни сотиш ва экспорт қилишда амалий кўмак кўрсатиш бўйича ҳам таклифлар билдирилди.
Учрашув сўнгида очиқ мулоқот давомида кўтарилган барча муаммо ва таклифлар умумлаштирилиб, уларнинг ижроси юзасидан аниқ «йўл харитаси» ва назорат режаси белгилаб олинди.
Гулноза Бобоева,
Аслиддин Алижонов (сурат),
ЎзА