Муомаладаги нақд пул кўламининг қисқариши – оламшумул тенденция
Сўнгги статистик маълумотлар мамлакатимизда муомаладаги нақд пул кўлами қисқариб бораётганини кўрсатмоқда. Умумий пул тушумларида терминал орқали тушумлар улуши жорий йилнинг 10 ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5 фоизга ўсгани қайд этилмоқда. Бу жамоат транспортида ва хусусий тадбиркорлар орасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимига ўтишнинг жадаллашуви ва тўлов инфратузилмасининг ривожланиши, шунингдек, Ўзбекистонда нақд пул ҳажмининг ЯИМга нисбатан камайиши билан боғлиқ.
Муомаладаги нақд пул кўламининг қисқариши – оламшумул тенденция. Бу йўналишда Скандинавия мамлакатлари ва Хитой бошқа давлатлардан кўра анча илгарилаб кетган. Бунга талай мисоллар келтиришимиз мумкин. Maсалан, Швеция нақд пулсиз тўловларга ўтган дунёдаги биринчи мамлакат бўлиш учун интилмоқда. Норвегия фуқаролари ҳисоб-китобларда нақд пулдан фойдаланмай қўйди. Бельгия нақд тўловларга чеклов ўрнатди ва мобиль тизимларни ривожлантиришга урғу бермоқда.
Мазкур мамлакатларда нақдсиз тўловлар учун кенг инфратузилма, жумладан банк карталари ва смартфонларга ўрнатилган тўлов иловаларидан ҳамма жойда ва ҳамма соҳада самарали фойдаланиши учун яхши қулайликлар яратилган. Натижада транзакция ва хизмат кўрсатиш даражаси жадаллашди. Дўконларни тунаш хавфи пасайди, тўловни нақдда амалга оширишда харажатлар тежалди. Пул оқимлари назорати соддалашди ва солиқ тушумлари ўсишига шароит яратилди.
Бу тренддан Ўзбекистон ҳам истисно эмас. Кузатувларга кўра, янги тўлов технологиялари истеъмолчилар кўникмаларини ўзгартирмоқда: аҳолининг аксарият қисми ҳисоб-китобларда нақд пулсиз усулни танламоқда. Натижада муомаладаги нақд пулларнинг пул массасидаги улуши ҳам пасайиб бормоқда. Шу йилнинг ўтган ўн ойи якунларига кўра, республикамизда ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,5 фоиз пасайиб, жами 20 фоизни ташкил этмоқда. Бу Болгария, Чехия, Россия, Арманистон, Грузия каби мамлакатлар кўрсаткичларидан анча яхшидир.
Пул массасидаги нақд пул улушининг камайиши нақд пулсиз тўловларга ўтишни тезлаштириш зарурияти ва молиявий фаолликнинг ошишини билдиради. Бу кўрсаткич банк карталари, электрон ҳамёнлар ва бошқа нақд пулсиз воситалар ёрдамида тобора кўпроқ транзакциялар амалга оширилаётгани, молиявий тизимга бўлган ишонч мустаҳкамланаётгани, соядаги иқтисодиётнинг камаяётгани ва молиявий операцияларнинг шаффофлиги ошаётганини англатади.
Хўш, биз нақд пулсиз яшашга, ҳартугул чўнтагимда нақд бўлиб турсин, деган психологик кечинмадан, эҳтиёждан қутулишга тайёрмизми? Ахир ҳар қандай янгиликнинг жамият ҳаётига сингиши, янги ҳаёт укладида турмуш кечириши одамларнинг руҳияти билан чамбарчас боғлиқ масаладир.
Бинобарин, биз ватандошларимизнинг ҳисоб-китобларни нақдсиз шаклда ўтишига бўлган муносабатини, одамларнинг нақд пулни афзал билиши, шунингдек нақд пулдан қисман ёки бутунлай воз кечишга тайёрлик даражасини аниқлаб олиш учун сўровнома ўтказдик. Сўровномада қарийб 3 минг киши, жумладан 74 фоиз шаҳарликлар иштирок этди. Мазкур тенденция хотин-қизларнинг ҳам эътиборида экан (28 фоиз), ўз муносабатини билдирди.
Респондентлар орасида кутилганидек ижтимоий фаол қатлам – 25-40 ёш оралиғидагилар (46,6 фоиз) ва 40-50 ёшлилар (32,8 фоиз) кўпчиликни ташкил этди. Жавоб берганлар орасида 25 ёшгача бўлганлар (10,8 фоиз), 50 ёшдан юқорилар эса 9,8 фоизни ташкил этди.
Қизиқ жиҳати, сўровнома саволлари ойлик маоши 1 млн. сўмдан тортиб 10 млн. сўмдан ошиқ бўлган одамларни баравар қизиқтирди. Ўзаро муомалани нақд пулда қилишни хоҳловчилар орасида 10 млн. сўмдан юқори ойлик олувчилар сони кўпроқ экан (39 фоиз).
Сўровнома таҳлиллари ватандошларимизнинг мобиль ва рақамли тўловлар – бу замонавий ҳаётнинг табиий йўналиши, улар ҳисоб-китобларни қулай ва тез амалга ошириши, истеъмолчилар учун ишончли ва хавфсиз имконият яратиши ҳамда жамиятнинг одат ва хулқ-атворини ўзгартиришини теран англаб олаётганини кўрсатди. Буни қуйидаги рақамларда кўришимиз мумкин.
Муомаладаги банк карталари сони 2024 йил 1 ноябридан шу йилнинг 1 ноябрь ҳолатига 18,4 фоиз кўпайди. Шу давр мобайнида тўлов терминаллари сони 176 тага ошди. Банкомат ва инфокиосклар сони 36,2 фоиз ўсди. Мана шу ўсишлар асносида тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар ҳажми 34,74 фоизни ташкил этди.
Жорий йилнинг ўтган 10 ойида банк карталарига 1205 трлн. сўм кирим қилинган ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 бараварга ошган. Эътиборлиси, уларнинг 19 фоизи нақдлаштириб олинган. Шу ўринда қайд этиш лозимки, сўнгги икки йилда бу кўрсаткич 5 фоизга камайган. Қолган пуллар бошқа турдаги тўловларга йўналтирилган.
Кундалик тўловларни нега шу шаклда (нақд, пластик карта, ҳар иккаласида ҳам) амалга оширишни афзал биласиз, деган саволга респондентлар кечаю кундуз ҳамма жойда ҳисоб-китоб қилишга қулайлиги (72,8 фоиз), интернет ва электрга боғлиқ эмаслиги (42,9 фоиз), тўловларнинг аноним сақланиши (25,7фоиз), қаллобликка дучор бўлмаслигини (28,7 фоиз) айтган.
Сўровнома қатнашчиларининг тўловларни амалга оширилишида нега банк картасидан фойдаланиши сўралганда, улар ўзаро ҳисоб-китобларни 24/7 режимида амалга ошириш имконияти борлиги (81,9 фоиз), тўловларни турган жойингизда амалга ошириш мумкинлиги (67,7 фоиз), конвертация (31,2 фоиз), нақдлаштиришга харажат қилмаслиги (35,1 фоиз) учун деб жавоб берган.
Ўзаро ҳисоб-китобларини ҳар иккаласида ҳам олиб борувчилар нақд етмаган жойда картадан, карта ўтмаган жойда нақд тўлаш қулайлиги (88,9 фоиз), бошқа сабаблар борлигини (22,2 фоиз) айтган.
Рақамли технологиялар ривожланиши, банк карталари, мобиль тўлов тизимлари, онлайн-банкинг ва электрон ҳамёнларнинг оммавий тус олиши, табиий равишда нақд пулга бўлган эҳтиёжни камайтиради. Нақдсиз тўловлар пул муомаласини тезлаштиради, истеъмолчиларда унинг хавфсиз ва қулайлигига ишончни мустаҳкамлайди.
Бундан ташқари, банк мутахассислари миллий валюта барқарорлиги сақланса ва инфляция даражаси пасайиб, сўмнинг харид қуввати оша борса, давлат нақдсиз ҳисоб-китобларни рағбатлантириб борса ва тўлов инфратузилмасига эътиборни кучайтирса, нақд пул улуши янада камайишини тахмин қилмоқда.
Шунингдек, сўнгги пайтда ўзаро ҳисоб-китобларда биометрик хусусиятлардан фойдаланиш урфга кирди. Замондошларимиз уларни фақат технологик янгилик эмас, балки қулай, хавфсиз ва самарали тўлов воситаси эканига ишонч ҳосил қилишди. Янги технологиялар шарофати билан картасиз, дейлик уни эсдан чиқариб қўйган ҳолатингизда ҳам тўловларни амалга ошириш мумкин бўлиб қолди. Транспорт, ижтимоий тўловлар, шахсимизни идентификация/аниқлаштириш муҳим бўлган жойларда жуда-жуда қўл келмоқда. QR ва биометрик тўловларнинг оммавийлашуви иқтисодиётни рақамлаштиришнинг яхши белгиси, бизнеснинг қулайлашуви, қиммат POS-терминалларга зарурат қолдирмаслиги, мижозлар учун қулай, тезкорлиги, кичик бизнес субъектларининг молиявий хизматларга кириш имкониятларини кенгайтириши аён бўлди. Янги тўлов воситаларини оммавийлаштириш, табиийки, вақт талаб қилади, тегишли инфратузилма яратиш ва стандартларни жорий қилишни, ишонч уйғотишни тақозо этади.
Мамлакатимизда тўлов тизимини янги технологиялар асосида ривожлантириш ва рақамли иқтисодиётни жадаллаштириш мақсадида рағбатлантирувчи чоралар изчил амалга оширилмоқда. Бу эса иқтисодиёт салоҳиятини ошириш билан бирга, катта ҳажмдаги нақдсиз тўловлар транзакцияларини қайта ишлаш қобилиятини ҳам кучайтирмоқда. Давлатнинг нақдсиз тўловларни ривожлантиришдан манфаатдорлиги пулнинг норасмий айланмасига чек қўйиш, реал савдо ҳажмларини назорат қилиш, коррупциявий ва ноқонуний пул схемаларини қисқартириш, молиявий интизомни кучайтиришдир.
Тўловларнинг банк ва тўлов тизимлари орқали ўтиши солиқ тушумини, пировардида бюджетни прогнозлаштиришга қулайлик туғдиради. Банклар фаолиятида пул массасини назорат қилиш, банк хизматлари турини кўпайтириш, тўловлар бўйича янги қарорлар қабул қилиш каби яна қатор маъмурий ва ижтимоий муаммоларни бартараф этади.
Мамлакатимиз раҳбарининг “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳам ушбу йўналишдаги ишларнинг изчил давом эттирилишига сигнал бермоқда.
Унга кўра, 2026 йил 1 апрелдан давлат органлари кўрсатадиган хизматлар, электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўловлар, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, транспортларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали аҳолига нефть-газ маҳсулотларини сотиш ва электрда ҳаракатланадиган транспорт воситаларини зарядлаш хизматлари, қиймати 25 млн. сўмдан ошадиган товар ва хизматлар, кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган йўловчи ва юк ташувчи, тиркамали ва ярим тиркамали, юқори ўтувчанликка эга транспортлар ҳамда махсус автотранспорт воситаларини сотиш ва сотиб олиш учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилиши тартиби ўрнатилмоқда.
Президент топшириғи билан Марказий банк 2026 йил 1 январга қадар барча савдо ва хизмат кўрсатувчи юридик шахслар томонидан электрон тўловларни қабул қилиш учун ягона QR-кодни жорий қилади. 2026 йил 1 июлдан бошлаб барча савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги юридик шахсларда ягона QR-кодли тўлов тизими орқали тўловларни қабул қилиш ҳам мажбурий этиб белгиланмоқда. Ягона QR-кодлардан фойдаланмаслик савдо қоидаларини бузиш деб ҳисобланади.
Мамлакатимизда шу тариқа пул муомаласидаги нақд пул улушини минимал даражага тушириш борасидаги ишлар қадамма-қадам олиб борилмоқда. Дунё тажрибаси ва кузатувлар уни буткул муомаладан чиқариб юбориш эҳтимоли камлигини кўрсатмоқда. Нақд пул муомаласи инфратузилмаси ривожланган мамлакатларда ҳам уларни бутунлай муомаладан чиқариб ташлаш масаласи кун тартибида йўқ.
Нақд пул аҳолининг барча қатламлари учун молиявий инклюзивликни таъминлаш, шунингдек, нақд пулсиз инфратузилмада носозликлар юзага келган тақдирда захира тўлов усули бўлиб қолишини кўрсатмоқда.
Шундай қилиб, нақд пуллар камайиши глобал рақамлаштириш самараси, молиявий саводхонликнинг ошиши, нақдсиз тўловлар қулайлиги билан изоҳланади.
Асқар Ҳайдаров,
иқтисодчи эксперт