Мундиал олдидан фаворитлар кутилмаган натижалар қайд этмоқда
Жаҳон чемпионати бошланишига саноқли кунлар қолди. Миллий терма жамоалар мусобақа олдидан сўнгги тайёргарлик жараёнини ўртоқлик учрашувлари орқали давом эттирмоқда. Навбатдаги назорат баҳслари бир қатор қизиқарли ва кутилмаган натижалар билан ёдда қолди.
Испания миллий терма жамоаси Осиё вакили Ироққа қарши майдонга тушиб, 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Учрашувнинг 16-дақиқасида Ферран Торрес ҳисобни очиб, “Қизил фурия”ни олдинга олиб чиққан бўлса, орадан кўп ўтмай Мерчас Доски жавоб голини киритди. Қолган вақт давомида ҳар икки жамоада ғалаба қозониш учун имкониятлар бўлганига қарамай, ҳисоб ўзгармади.

Яна бир фаворит саналган Франция терма жамоаси эса Африка вакили Кот-д’Ивуарга қарши баҳсда мағлубиятга учради. Биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқаларида Райан Шерки французларни ҳисобда олдинга олиб чиққан эди. Бироқ, иккинчи бўлимда африкаликлар ўйинни ўзгартиришга муваффақ бўлди. Аввал Гуэла Дуэ мувозанатни тиклади, кейин эса Амад Диалло Траоре ҳал қилувчи голни урди. Натижада Кот-д’Ивуар 2:1 ҳисобида зафар қучди.
Осиёнинг яна бир вакили — Эрон миллий терма жамоаси эса сўнгги назорат учрашувини муваффақиятли ўтказди. Ҳусусан, Эрон 2:0 ҳисобида Малини мағлуб этди.

Швеция ва Греция ўртасидаги ўртоқлик учрашуви ҳам муросасиз кечди. Стокгольмдаги “Строберри Арена” стадионида бўлиб ўтган баҳс 2:2 ҳисобида якунланди. Дастлаб Константинос Цимикас грекларни олдинга олиб чиққан бўлса, иккинчи бўлимда Виктор Дьёкереш ҳисобни тенглаштирди. Кейинчалик майдонга захирадан тушган Густаф Нильссон шведларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Бироқ, қўшимча вақтнинг сўнгги дақиқаларида Георгиос Масурас гол киритиб, Грецияни мағлубиятдан қутқариб қолди.
Шу тариқа, АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қиладиган 2026 йилги Жаҳон чемпионати олдидан ўтказилаётган назорат учрашувлари жамоаларнинг ҳозирги ҳолати, имкониятлари ва камчиликларини янада яққол намоён этмоқда. Турнир бошланиши арафасида фаворитлар ҳам кутилмаган натижалар қайд этаётгани эса бўлажак мундиалнинг қизиқарли ва муросасиз ўтишидан дарак бермоқда.
Маълумот учун, айни дамда Нью-Йорк шаҳрида машғулотларни давом эттираётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси 8 июнь куни Нидерландия термасига қарши назорат учрашувини ўтказади. Беллашув “Icahn Stadium”да бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА