Молиявий жарима – жазо эмас, балки рағбатлантириш воситасига айланмоқда
Тадбиркор белгиланган муддатда жариманинг ярмини тўласа, қолган қисми бекор қилинади.
2026 йил 15 апрелда Давлатимиз раҳбарининг “Молиявий жарималарни қўллаш тартибини янада либераллаштириш ва суд назорати самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чоралар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорда молиявий жарималарни либераллаштириш кўзда тутилган. Хўш, бу нимага хизмат қилади?

Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари - иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Иброҳим Алимов шу саволга жавоб берди:
– Президентимизнинг мазкур қарори тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, давлат назоратини оптималлаштириш ва суд ҳимоясини кучайтиришга қаратилган муҳим қадамлардан бири бўлди.
Мазкур ҳужжат мазмун-моҳияти жиҳатидан давлат ва бизнес ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Қарорда асосий эътибор молиявий жарималарни қўллаш амалиётини соддалаштириш, уни инсонпарвар ва иқтисодий жиҳатдан мақбул механизмлар билан бойитишга қаратилган.
Илгари жарималар кўп ҳолларда жазоловчи хусусиятга эга бўлиб, тадбиркорлар учун қўшимча молиявий босим манбаи ҳисобланар эди. Янги тартиб эса жазо эмас, балки рағбатлантириш тамойилини устувор этиб белгилади.
Қарорга мувофиқ, тадбиркорларга жарималарни ихтиёрий тўлашнинг қулай вариантлари тақдим этилмоқда. Агар тадбиркор белгиланган муддатда жариманинг ярмини тўласа, қолган қисми бекор қилинади.
Жаримани олти ой давомида тенг миқдорларда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилди. Бу эса, бизнес субъектлари учун молиявий юкни сезиларли даражада камайтиради ва уларни қонунга ихтиёрий равишда амал қилишга ундайди.
Бундай ёндашув халқаро амалиётда ҳам ўз самарасини кўрсатган. Масалан, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (OECD) тавсияларида ихтиёрий ижрони рағбатлантириш орқали давлат ва бизнес ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш мумкинлиги таъкидланади. Шунингдек, Жаҳон банки таҳлилларида ҳам ортиқча маъмурий жазоларнинг камайтирилиши кичик ва ўрта бизнес ривожига ижобий таъсир кўрсатиши қайд этилган.
Қарор билан тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишда яна бир принципиал аҳамиятга эга бўлган янги кафолат жорий этилди. Унга кўра, агар ваколатли орган томонидан қўлланган молиявий жарима суд томонидан бекор қилинса ёки ҳақиқий эмас, деб топилса, ундирилган маблағлар 15 кун ичида қайтарилиши шарт.
Энг муҳими, агар ушбу муддат бузилса, тадбиркорга кечиктирилган ҳар бир кун учун фоиз тўланади. Бу норма давлат органлари масъулиятини ошириш билан бирга, тадбиркорлар учун реал молиявий ҳимоя механизмларини яратади.
Бундай ёндашув халқаро амалиётда “state liability” (давлат жавобгарлиги) тамойили сифатида кенг қўлланилади. Масалан, Европа давлатларида, хусусан, Германия ва Францияда маъмурий органлар томонидан нотўғри ундирилган маблағлар фақат қайтарилибгина қолмай, улар учун фоиз ёки компенсация ҳам тўланади. OECD ҳисоботларида қайд этилишича, айнан шундай механизмлар давлат органларини қарор қабул қилишда эҳтиёткорликка ундайди ва ҳуқуқбузарликлар сонини камайтиради.
Ўзбекистонда мазкур тартибнинг жорий этилиши тадбиркорлар учун ишончли ҳуқуқий муҳитни шакллантиришга хизмат қилади. Энди тадбиркорлар асоссиз жарималардан нафақат суд орқали ҳимояланади, балки кўрилган молиявий зарарни ҳам қоплаш имкониятига эга бўлади. Бу эса, давлат ва бизнес ўртасидаги муносабатларда адолат ва тенглик тамойилларини мустаҳкамлаб, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга ижобий таъсир кўрсатади.
Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати – суд назоратининг кучайтирилиши ва унинг амалий механизмлар билан таъминланишидир. Энди тадбиркорлар ваколатли орган қарорларидан онлайн тарзда судга шикоят қилиш имкониятига эга бўлади. Энг муҳими, суд ишни кўриб чиқиш учун қабул қилган пайтдан бошлаб жарима ижроси автоматик равишда тўхтатилади. Бу эса, тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини реал ва таъсирчан инструментга айлантиради.
Қарорда рақамлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. 2027 йилдан бошлаб молиявий жарималарнинг ягона электрон реестри жорий этилиши белгиланган. Ушбу реестрга киритилмаган қарорлар ҳақиқий эмас, деб ҳисобланиши – ҳуқуқий шаффофликни таъминлашда мутлақо янги ёндашувдир. Бу орқали инсон омили камайиб, қарор қабул қилиш жараёнлари очиқ ва назоратга яқинлашади.
Қатор ривожланган давлатлар тажрибасига назар солсак, молиявий жазоларни либераллаштириш самарали натижалар берган. Масалан, Буюк Британияда солиқ органи (HMRC) томонидан ихтиёрий хатони тан олган бизнесменларга жарималар сезиларли даражада камайтирилади. Бу ихтиёрий тўловлар улуши ошишига таъсир қилмоқда.
Сингапурда “trust-based regulation” модели кенг қўлланилган бўлиб, қонунбузарлик биринчи марта содир этилса, қаттиқ жазо эмас, балки огоҳлантириш устувор бўлади. Мазкур ёндашув мамлакатни бизнес учун энг қулай юрисдикциялардан бирига айлантирган.
Умуман олганда, мазкур қарор нафақат ҳуқуқий, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам катта аҳамиятга эга. У мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш, бизнес юритишни енгиллаштириш ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантиришга хизмат қилади.
Ушбу ислоҳотлар узоқ муддатда иқтисодий ўсишга ижобий таъсир кўрсатиб, тадбиркорлик фаолияти учун қулай шарт-шароит яратади. Натижада янги иш ўринлари пайдо бўлади, солиқ тушумлари ортади ва иқтисодиёт диверсификацияси тезлашади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мазкур қарор давлат бошқаруви ва иқтисодий барқарорликни таъминлашда янги фалсафанинг намоён бўлишидир. Унинг марказида тадбиркор манфаати, адолат ва шаффофлик турибди.
Норгул Абдураимова, ЎзА