Самарқанд платформаси: Янги Ўзбекистон глобал тараққиётнинг қайси йўлидан бормоқда?
Дунёда юз бераётган тезкор иқтисодий эврилишлар ва мураккаб жараёнлар фонида жаҳон молия тизимининг диққат марказида бўлган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгаши 59-йиллик йиғилишининг Самарқандда ўтказилаётгани бежиз эмас. Бу халқаро ҳамжамиятнинг Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар ортга қайтмаслигига бўлган қатъий ишончи ифодасидир. Тўрт мингдан зиёд нуфузли экспертлар ва йирик инвесторларни жамлаган ушбу анжуманда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган стратегик ташаббуслар мамлакатнинг минтақавий барқарорлик ва глобал иқтисодий интеграциядаги янги ролини белгилаб берди. Давлатимиз раҳбарининг нутқи фақатгина келажак режаларининг баёни бўлиб қолмай, балки сўнгги йилларда амалга оширилган тизимли трансформацияларнинг аниқ натижаларига асосланган кучли таҳлилий дастурга айланди.
Мамлакатнинг халқаро майдондаги ишончли овози, энг аввало, ижтимоий йўналтирилган иқтисодий прагматизмга таянади. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида келтирган маълумотларга кўра, қисқа вақт ичида иқтисодиёт ҳажми 50 миллиард доллардан 147 миллиард долларга етди, хорижий инвестициялар оқими эса 150 миллиард долларни ташкил этди. Бу рақамларнинг асл моҳияти экспортнинг уч карра ўсишидагина эмас, балки уларнинг инсон капиталига йўналтирилганида намоён бўлади. Камбағаллик даражасининг 35 фоиздан 5,8 фоизга туширилгани ва 8,5 миллион аҳолининг даромади оширилгани Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат модели самарали ишлаётганини кўрсатади. Халқаро “Иқтисодий эркинлик индекси”да Ўзбекистоннинг жорий йилда 14 поғонага кўтарилиб, илк бор “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан жой олиши ҳамда яқин кунларда 13 та йирик давлат активининг халқаро фонд бозорига чиқарилиши режалаштирилаётгани бу борадаги ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.
Глобал тараққиётнинг кейинги босқичини рақамли технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Президентимиз Жаҳон савдо ташкилотининг 2040 йилга бориб сунъий интеллект ҳисобига халқаро савдо айланмаси қўшимча 40 фоизга ошиши ҳақидаги прогнозига таяниб, Ўзбекистоннинг рақамли трансформацияси бўйича аниқ позициясини билдирди. Мамлакат ичида бошланган “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси ва иқтисодиёт тармоқларидаги 200 дан ортиқ дастурлар қуруқ рақамлар эмас. Айнан шу ички салоҳиятга таянган ҳолда, Ўзбекистон Осиё тараққиёт банки шафелигида ривожланаётган давлатларда сунъий интеллект кўламини ошириш дастурини ишлаб чиқишни ва “Осиё учун рақамли магистрал” ташаббусининг мувофиқлаштирувчи марказини Тошкентда очишни таклиф қилмоқда. Бу қадам Ўзбекистонни минтақанинг технологик хабига айлантириш йўлидаги дадил ҳаракатдир.
Технологик юксалиш, ўз навбатида, энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжни кескин оширади. Халқаро энергетика агентлиги таҳлиллари тасдиқлаганидек, 2030 йилга бориб дата марказларининг электр энергиясига талаби икки-уч карра ошади. Ўзбекистон бу чақириққа олдиндан тайёргарлик кўриб, дунёнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликда 5600 мегаваттли шамол ва қуёш станцияларини ишга туширди ва генерацияда “яшил” энергия улушини 30 фоизга етказди. Бу кўрсаткични 2030 йилгача 54 фоизга олиб чиқиш мақсади, шунингдек, Марказий Осиё – Европа “яшил” энергетика коридорини яратиш ташаббуси минтақанинг энергетик мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади. Ушбу жараёнлар глобал миқёсда талаб ортиб бораётган критик минералларни қазиб олиш ва қайта ишлаш дастури билан узвий боғлиқдир. Қиймати 1,6 миллиард долларлик 70 дан зиёд лойиҳанинг бошланиши ва Осиё тараққиёт банкининг “Критик минералдан – ишлаб чиқаришга” дастурига қўшилиш таклифи мамлакатнинг юқори қўшилган қиймат занжирини яратиш борасидаги мақсадлари қатъий эканини исботлайди.
Саноат ва энергетика соҳасидаги бундай улкан лойиҳалар ишончли транспорт ва логистика инфратузилмасини талаб этади. Глобал зиддиятлар оқибатида юк ташиш харажатларининг 30 фоизгача ошиши ва етказиб бериш муддатларининг узайиши фонида, йилига 15 миллион тоннагача юк ташиш имконини берувчи “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилишининг бошланиши стратегик аҳамият касб этади. Ушбу физик инфратузилмани рақамли макон билан боғлаш мақсадида илгари сурилган “Рақамли божхона ва логистика альянси”ни ташкил этиш ғояси минтақавий савдо тўсиқларини бартараф этишга қаратилган. Айни пайтда, иқтисодий юксалиш экологик мувозанат билан ҳамоҳанг бўлиши шарт. Оролнинг қуриган тубида яратилган 2 миллион гектар ўрмонзор ва ҳар йили 200 миллион туп кўчат экишни кўзда тутувчи “Яшил макон” дастури тажрибаси асосида “Марказий Осиё яшил белбоғи”ни яратиш, шунингдек, туристлар оқимининг 12 миллионга етишидан келиб чиқиб, “Марказий Осиё туризм ҳалқаси”ни шакллантириш ташаббуслари яхлит минтақавий концепцияни ҳосил қилади.
Самарқанд платформасида янграган ушбу ғоя ва таклифлар Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги конструктив ва яратувчанлик позициясини тўлақонли намоён этди. Давлатимиз раҳбарининг нутқи мамлакатимиз халқаро молия институтлари билан муносабатларда шунчаки маблағ жалб қилувчи томон эмас, балки минтақавий муаммоларга инновацион ечимлар таклиф эта оладиган, йирик транстармоқ лойиҳаларини бошқариш салоҳиятига эга тенг ҳуқуқли ва ташаббускор ҳамкор даражасига кўтарилганини тасдиқлайди. Ички иқтисодий ислоҳотларнинг изчиллиги ва минтақавий манфаатларни умумлаштиришга қаратилган бу стратегия Ўзбекистоннинг глобал тараққиётдаги мустаҳкам ўрнини ва порлоқ истиқболини кафолатлайди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ,
Ўзбекистон Миллий университети
таянч докторанти