Мўғулистондан минг бошдан ортиқ наслли қўйлар олиб келинди
Мамлакатимизда чорвачилик тармоғини тубдан модернизация қилиш ва аҳолини сифатли гўшт маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш бўйича тизимли ишлар қилинмоқда.
Хусусан, икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги келишувлари ижроси ўлароқ, Мўғулистондан мамлакатимизга дастлабки минг бошдан ортиқ «Баят» зотли наслдор қўйлар олиб келинди.
Жумладан, Навоий вилояти Кармана туманидаги «Мақсуд омад келажаги» фермер хўжалиги учун 1 минг 60 бош қўй махсус авиарейс орқали Ўзбекистонга олиб келинди. Бу йирик лойиҳа нафақат мамлакатимиз яйловларида янги сергўшт ва чидамли чорва зотларини кўпайтириш, балки гўшт маҳсулотлари нархини барқарорлаштиришга хизмат қилади.

Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги маълумотига кўра, мазкур ташаббус давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 11 февралдаги «2026 йилда Навоий вилоятини барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
Қарорда 2026 йил давомида Навоий вилоятига Мўғулистондан қўшимча 70 минг бош майда шохли мол олиб келиш, ҳудудда наслчиликни ривожлантириш ва мавжуд яйлов ресурсларидан самарали фойдаланиш вазифалари белгиланган. Мўғулистондан жами 100-150 минг бош майда шохли мол олиб келиш кўзда тутилган. Селекция ва наслчилик ишлари орқали уларнинг сонини 2029 йил якунига қадар 1 миллион бошга етказиш мақсад қилинган.

Муҳими, мазкур лойиҳаларнинг самараси фақат чорва бош сонининг кўпайиши билан эмас, балки насл сифати, маҳсулдорлик ва иқтисодий натижадорликнинг ошиши билан баҳоланади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА