Мобил банк иловаларига фақат ўз номига олинган рақам билан кириш тизими йўла қўйилади
Ҳуқуқий муносабат
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев бу борада қуйидагиларни маълум қилди:
– 22 апрелдан Ўзбекистонда Марказий банкнинг масофавий молиявий хизматлар кўрсатишда ахборот ва киберхавфсизликка қўйиладиган минимал талабларни белгиловчи янги низоми кучга киради.
Ҳужжат банклар, тўлов хизматлари ва тўлов тизимлари операторларининг мобил иловаларидан фойдаланишда онлайн фирибгарликнинг олдини олиш бўйича қўшимча чоралар ва талабларни жорий этади.
Бунда, агар телефон рақами ёки банк картаси фойдаланувчи билан боғлиқ бўлмаган бегона шахсга рўйхатдан ўтказилган бўлса, чекловлар юзага келиши мумкин.
“Масофадан молиявий хизматларда ахборот хавфсизлиги ва фрод ҳолатларининг олдини олиш бўйича минимал талаблар тўғрисида”ги Низомига кўра, эндиликда мобил банк иловаларига фақат ўз номидаги телефон рақами орқали кириш мумкин бўлади. Бу тартиб фойдаланувчиларни аниқ идентификация қилиш ва киберхавфсизликни таъминлаш мақсадида жорий этилмоқда.
Янги қурилмадан киришда иловалар уланган карталарни аслига қайтариши ва маҳаллий маълумотларни (тарихни) тозалаши керак. Фойдаланувчи қурилма созламалари ҳақида билдиришнома олади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА