Мирзачўлда туячилик: чўл бағридаги даромад манбаи
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ишлар натижасида ноанъанавий чорвачилик йўналишларига ҳам қизиқиш ортмоқда.
Хусусан, Жиззах вилояти Мирзачўл туманида туячилик билан шуғулланаётган хўжаликлар сони кўпайиб, мазкур йўналиш аҳоли учун даромад манбаига айланмоқда.
Айни пайтда тумандаги 5 та йирик чорвачилик хўжалигида 550 бош, имтиёзли кредитлар асосида 46 та хонадонда 360 бош туя парваришланмоқда.
Ана шундай тадбиркорлардан бири Боғбон маҳалласида яшовчи Азим Азизовдир. У 14 йилдан буён туячилик билан шуғулланиб келмоқда.
— Дастлаб оз миқдорда чорва билан иш бошлаганмиз. Кейинчалик яратилган имкониятлар, хусусан, 100 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит маблағи ҳисобидан хўжалигимизни кенгайтирдик. Ҳозир 13 бош туя парваришлаяпмиз, - дейди А.Азизов.
Тадбиркор туячилик билан бир қаторда туя сутидан фойдаланишга асосланган соғломлаштириш хизматларини ҳам йўлга қўйган. Хўжалик ҳудудида 25 ўринли соғломлаштириш маскани ташкил этилган.
[gallery-30937]
— Туя сутига қизиқиш юқори. Шуни инобатга олиб, соғломлаштириш масканини ташкил этдик. Бу ерга мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан меҳмонлар келади. Айрим хорижий давлатлардан ҳам даволаниш ва дам олиш мақсадида ташриф буюрувчилар бор, - дейди тадбиркор.
Унинг таъкидлашича, туячилик иқлим шароитига чидамлилиги ва парвариш харажатларининг нисбатан камлиги билан ҳам аҳамиятли.
— Туя Мирзачўлнинг иқлимига яхши мослашган. Яхши парвариш қилинганда, бир туядан кунига 10 литргача сут олиш мумкин. Бир туя сутидан кунига ўртача 300-350 минг сўм атрофида даромад оламиз, - дейди А.Азизов.
Тадбиркорнинг айтишича, мавсумда бир вақтнинг ўзида 40 нафаргача мижозга хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Олинган даромаднинг асосий қисми хўжаликни кенгайтириш, туялар сонини кўпайтириш ва меҳмонлар учун шароитларни яхшилашга йўналтирилмоқда.
Мирзачўлда туячиликнинг ривожланаётгани чўл ҳудудларида ҳам чорвачиликнинг янги йўналишларини йўлга қўйиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли даромадларини ошириш учун имкониятлар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА