Меҳнати эътироф этилган фермер
Орамиздаги замондошларимизБугунги кунда юртимизда инсон қадрини улуғлаш, ташаббускорликни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ҳар бир соҳада фидокорона меҳнат қилаётган, ишига меҳр ва масъулият билан ёндашаётган инсонларнинг ютуқлари муносиб баҳоланмоқда.
Хатирчи туманидаги “Султонали Жавоҳир” фермер хўжалиги раҳбари Инобат Олимованинг 2026 йилнинг 13 августдаги “Тадбиркорлар куни муносабати билан соҳа вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Президент фармонига кўра “Шуҳрат” медали билан тақдирлангани ҳам ана шундай эътирофлардан биридир.
Қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган янгиланишлар натижасида ерга муносабат, фермерлик фаолиятига ёндашув, меҳнат унумдорлиги ва бандлик масалаларида янги имкониятлар юзага келмоқда. Бу жараёнда ўз меҳнати, тадбиркорлиги ва ташаббуси билан эл-юрт тараққиётига ҳисса қўшаётган инсонларнинг ўрни беқиёс. Инобат Олимова ҳам ана шундай фидоий инсонлардан бири.
2006 йилда ташкил этилган мазкур фермер хўжалиги бугун 93 гектар ер майдонида пахта ва ғалла етиштиради. Хўжаликда 10 нафар доимий ва 60 нафар мавсумий ишчи меҳнат қилиб келмоқда.

Эътиборлиси, фермер хўжалиги фаолияти фақат деҳқончилик билан чекланиб қолмаган. Кўп тармоқли хўжаликда чорвачилик ва паррандачилик ҳам йўлга қўйилган. Бу эса бугун қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш, ер ва мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш, даромад манбаларини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотларнинг ҳаётдаги амалий кўринишидир. Зеро, бугун фермердан фақат ҳосил етиштириш эмас, балки янгича фикрлаш, замонавий ёндашувларни қўллаш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш талаб этилмоқда.
Албатта, пахта ва ғалла ҳосилини йилдан-йилга белгиланган режадан ортиқ даражада етиштириш осон эмас. Унинг замирида ерга муносабат, ўнлаб инсонларнинг саъй-ҳаракатлари, тадбиркорлик ва ташаббускорлик мужассам. Ҳар бир юқори ҳосил ортида тонг саҳардан далага чиққан деҳқоннинг меҳнати, изланиш ва жамоанинг бирдамлиги бор.
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим жиҳатларидан бири ҳам инсон меҳнатини қадрлаш, унинг ташаббусини рағбатлантириш ва муносиб шароит яратишдир.

Инобат Олимованинг таъкидлашича, тонг саҳардан бошланган меҳнат, об-ҳавонинг турли синовлари, сув ва техника масалалари, ҳосилни асраш, ишчилар меҳнатини ташкил этиш – буларнинг барчаси фермер зиммасидаги масъулиятнинг бир қисмидир. Инсон ўз ишига сидқидилдан ёндашса, ташаббус кўрсатса ва юрт тараққиётига ҳисса қўшса, унинг меҳнати, албатта, эътироф этилади. Эътироф эса инсонга янада масъулият юклайди.
Халқимизда “Ҳалол меҳнат бор жойда барака бор”, деган ибратли нақл бор. Меҳнат қадрланган юртда тараққиёт, инсон қадрланган жамиятда эса янги марраларга ишонч бор.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири