Мироншоҳ Мирзонинг зумрад кўзли муҳр-узуги
Самарқанд тупроғи асрлар давомида ўз қаърида буюк ўтмиш сирларини сақлаб келади. Баъзан минглаб саҳифали қўлёзмалар айта олмаган ҳақиқатни кичик бир топилма сўзлаши мумкин. Ана шундай нодир ёдгорликлардан бири – Соҳибқирон Амир Темурнинг учинчи ўғли Мироншоҳ мирзога тегишли шахсий муҳр-узукдир. Бу қимматбаҳо буюм шунчаки безак воситаси эмас. У темурийлар давридаги юксак мақом, бошқарув тартиби ва ҳали ечилмаган тарихий жумбоқларнинг гувоҳидир. Ушбу зумрад кўзли узук тарихимизнинг ёрқин саҳифаларидан бирини қайта тиклашга имкон беради.
Мазкур ноёб осори-атиқанинг топилиш тарихи 1885 йилга бориб тақалади. Шарқшунос олим Николай Веселовский Самарқанддан Император археология комиссияси учун қадимий буюмларни харид қилади. Улар орасида Мироншоҳ мирзонинг исми битилган узук ҳам бор эди. Узукнинг кўзи бодом қобиғи шаклидаги нафис зумраддан ишланган. Унга ишлов бериш услуби ўша давр заргарларининг юксак маҳоратидан дарак беради. Тош олтин гардишга ўрнатилган. Узукнинг халқаси кейинчалик пайвандланган бўлса-да, олтиннинг сифати ва туси асл нусхага жуда мос келади. Зумрад юзасига битилган ёзувлар тескари ўйилган. Бу эса узукдан муҳр сифатида фойдаланилганини англатади. Шарқ анъанасига кўра, ҳужжатларни тасдиқлашда бармоқдаги узукни сиёҳга ботириб босиш одати кенг тарқалган эди.
Узукнинг шакли алоҳида эътиборга молик. Николай Веселовскийнинг ёзишича, бодомсимон муҳрлар Шарқда фақат ҳукмрон сулола вакилларига хос бўлган. Бу шакл оддий амалдорлар ёки беклар томонидан ишлатилиши мумкин эмас эди. Масалан, Қрим хонлари ва Хива хонларининг муҳрлари ҳам айнан шундай кўринишга эга бўлган. Мироншоҳ узугидаги бу шакл унинг жамиятдаги олий мавқеини яққол кўрсатади. У оддий шаҳзода эмас, балки кенг ваколатларга эга бўлган шахс эканини шу кичик детал орқали англаш мумкин.
Зумрад юзасидаги ёзувлар тарихий жиҳатдан ғоят қимматлидир. Унда шундай битилган: “Озарбайжон амир ул-умароси Мирзо Мироншоҳ ибн Амир Соҳибқирон Амир Темур Кўрагон, 802”. Бу матндаги энг муҳим жиҳат – Мироншоҳнинг “амир ул-умаро”, яъни “амирларнинг амири” деб аталишидир. Демак, Мироншоҳ Озарбайжонга шунчаки мулк эгаси сифатида эмас, балки олий даражадаги давлат арбоби сифатида юборилган. У марказий ҳокимиятнинг тўлақонли вакили мақомида бўлган. Бу темурийлар бошқарув тизими қанчалик мукаммал ва тартибли бўлганини кўрсатувчи далилдир.
Бироқ, узукдаги сана тарихчиларни жиддий мушоҳадага чорлайди. Муҳрда ҳижрий 802 йил (милодий 1399/1400 йил) кўрсатилган. Ваҳоланки, машҳур тарихчи Шарафиддин Али Яздий ўзининг “Зафарнома” асарида бошқа санани келтиради. Унда Амир Темур Хулагу хон тахти ва Озарбайжон бошқарувини Мироншоҳга ҳижрий 795 йилда топширгани айтилади. Яздийнинг ёзишича, Соҳибқирон 798 йилда ҳам бу вазифани қайта тасдиқлаган. Хўш, нега узукда айнан 802 йил қайд этилган? Бу ўртада етти йиллик фарқ мавжуд. Бу тарихий жумбоқ ҳалигача ўз ечимини кутмоқда.
Эҳтимол, 802 йилда Мироншоҳнинг ваколатлари янгидан тасдиқлангандир. Ёки бу сана унинг ҳаётидаги бирор муҳим ғалаба ёки сиёсий ўзгариш билан боғлиқ бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам, тошга ўйилган битик қўлёзмалардаги маълумотларга аниқлик киритиш ёки уларни қайта кўриб чиқиш учун асос бўлади. Узукдаги ёзув “Зафарнома”дагидан кўра аниқроқ гувоҳлик бериши эҳтимолдан холи эмас. Зеро, муҳр давлат ҳужжатларини қонунийлаштирувчи восита сифатида хатосиз ясалиши шарт эди.
Ушбу нодир топилма аждодларимизнинг давлатчилик маданияти нақадар юксак бўлганини намойиш этади. Ҳар бир ҳудуд, ҳар бир вилоят қатъий низом ва тартиб асосида бошқарилган. Шаҳзодалар фақат қондошлик учун эмас, балки расмий мақом ва масъулият билан лавозимга тайинланган. Мироншоҳ мирзонинг узуги бизга ўша даврнинг мураккаб сиёсий жараёнлари, заргарлик санъати ва идорачилик маданияти ҳақида сўзлайди. Бу каби осори-атиқалар тарихимизнинг тилсиз, аммо ҳақиқатгўй шоҳидларидир. Уларни ўрганиш ўзлигимизни, буюк ўтмишимизни теранроқ англашга хизмат қилади.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА