Жанубда “Темур тузуклари” билимдонлари аниқланди
Термизда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сурхондарё вилоят кенгаши буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси, Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишлаб ҳарбий хизматчилар ўртасида “Темур тузуклари билимдони” интеллектуал ўйини ташкил этди.
Унда вилоятдаги куч тузилмаларининг олтита жамоаси улуғ аждодимизнинг “Темур тузуклари” асари бўйича ўз билимларини синовдан ўтказиб, жамоа бўлиб фикрлаш, тезкорлик, мантиқий ёндашув ва тарихий тафаккур бўйича ўзаро беллашди. Асардаги давлат бошқаруви, адолат, ҳарбий интизом, ватанпарварлик, ёшлар тарбияси каби ғоялар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини янада теран англади.


Қизиқарли баҳс-мунозаралар асосида ўтган интеллектуал ўйинда биринчи ўрин Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг “Божхоначилар” жамоасига насиб этди. Иккинчи ўринни ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчиларининг “Лочинлар” ва учинчи ўринни мудофаа вазирлиги қўмондонлигининг “Темур издошлари” жамоаси қўлга киритди.
Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири