Минтақа хавфсизлиги учун халқаро ҳамкорликни кучайтириш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш муҳим
Пойтахтимизда “Минтақавийлик ва барқарорлик: глобал ўзгаришлар шароитида Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш” мавзусида халқаро илмий-назарий конференция бўлиб ўтди.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов глобал миқёсдаги геосиёсий жараёнлар шароитида минтақа давлатлари олдида турган вазифалар, хавфсизлик тизимида халқаро ҳамкорликни кучайтириш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва минтақавий барқарорликнинг узоқ муддатли истиқболлари ҳақида фикр билдирди.
Конференцияда иштирок этган юздан ортиқ ташкилот вакиллари, халқаро экспертлар, олий ҳарбий таълим муассасалари, шунингдек, Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим ҳамда тадқиқот муассасалари вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этиб, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик тамойилларини мустаҳкамлаш борасидаги ташаббусларини алоҳида қайд этди.

Анжуманда глобал ва минтақавий хавфсизлик тизимида халқаро ташкилотларнинг ўрни, шунингдек, Марказий ва Жанубий Осиёда барқарорликни мустаҳкамлашда ҳамкорликнинг долзарблиги юзасидан маърузалар эшитилди.
Конференция якунида экспертлар доирасида ўтказилган фикр алмашинуви натижалари асосида минтақада хавфсизлик сиёсатини янада такомиллаштириш, янги илмий-амалий ташаббусларни илгари суриш, қўшма тадқиқотларни ривожлантириш ва халқаро ҳамкорлик механизмларини мустаҳкамлаш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Н.Абдураимова, ЎзА